18 January 2013
23:24 - АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси Ислом Каримовнинг фикрига қўшилмаслигини билдирди
Аввалги хабарларимиздан бирида АҚШ Давлат Котибининг Марказий ва Жанубий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк 15 ва 16 январь кунлари Ашхобод ва Бишкекда бўлиши айтилганди. Унинг сафари битди, аммо бу учрашувлар ҳақида пичоққа илинадиган биронта хабар бўлмади. Фақат Бишкекда у Президент Атамбаев билан учрашгани ва Манас базасининг келажаги хусусида ҳали бир қарорга келинмагани айтилганди.

Давлат Департементининг кеча тарқатган дайжестида ўзбекларни қизиқтириши мумкин бўлган бир эпизод бор. Дайжетдан маълум бўлишича, Роберт Блейк Ашхободда Туркманистон раҳабарлари билан учрашгандан кейин АҚШнинг бу мамлакатдаги элчиси иштирокида журналистлар билан учрашиб, уларнинг саволларига жавоб берган. Саволлардан бирида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримнинг ҳам номи тилга олинган.

Савол: Марказий Осиёда жуда кўп одамлари АҚШ кучлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгандан кейин минтақанинг келажаги хусусида жудда пессимистиклар. Жумладан, (Ўзбекистон Президенти Ислом) Каримов Афғонистондан АҚШ ҳарбийлари кетгач, минтақа портлайди, деди. АҚШ ҳукумати бу ҳақда нима ўйлайди? Сиз бу фикрга қўшиласизми?

Роберт Блейк: Йўқ, биз бу фикрга қўшилмаймиз. Биласизки, Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай ўтган ҳафта муҳим ташриф билан Вашингтонда бўлди. Президент Обама Президент Карзай билан биргаликда ўтказган матубот конференциясида бир нечта муҳим нуқталарни тилга олди.

Биринчидан, у урғуладики, Афғонистоннинг кўпчилик жойларида хавфсизлик таъминланган, жангарилар ҳудудларни қўлдан бой бермоқдалар. Айни замонда, Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кучларининг қуввати ортиб бормоқда, ҳозир улар Афғонистонда ўтказилаётган ҳарбий амалиётларнинг 80 фоизини ўзлари бажармоқдалар. Февраль ойигача улар мамлакат аҳолисининг 90 фоизи яшайдиган ҳудудларни назорат остига оладилар.

Марказий Осиё учун муҳими шуки, Президент Афғонистондан кучларимизни охирги йилларда Афғонистон билан биргаликда қўлга киритган ютуқларимизнинг маъсулиятни унутмасдан олиб чиқамиз, деди. 2014 йилдан кейин АҚШ хавфсизлик кучлари афғон кучларини ўқитиш масаласига урғу берадилар. Бироқ, муҳим бўлган контрерроризм миссиямиз ҳам давом эттаверади.

Роберт Блейкнинг сўзлари яна бир марта кўрсатмоқдаги, АҚШ 2014 йилдан кейин Афғонистонни бутунлай тарк этмайди, контрерроризм миссиясини давом эттиради. “Ҳаракат” мухбирлари ўз таҳлилларида воқеалар айнан шу шаклда давом этажагини аввалдан билдиргандилар.