14 January 2013
14:54 - Гуржистоннинг янги аҳмоқ ҳукумати аввал сиёсий маҳбуслар ясаб, кейин уларни озод қилди
Бу мамлакатнинг Ғарб тарафидан демократик деб баҳоланган ва 2012 йил октябрь ойида ўтказилган парламент сайловларидан ростдан ҳам демократ эканлигини исботлаб, ҳеч бир муаммо чиқармасдан, сайловларда ғолиб чиққан “Гуржилар Орзуси” коалициясининг руспараст лидери Бидзина Иванишвилини Бош вазир этиб тайинлаган Президент Саакашвили шу кунларда ташқи кўринишидан демократларга хос бўлмаган қадам қилди.

Воқеанинг тарихи шундай. Сайловлардан олдин мухолифатчилар турли жойларда Гуржистонда сиёсий маҳбуслар борлигини ҳам гапириб, Саакашвили режимини антидемократликда айблашарди. Ғарб журналистлари “биронта сиёсий маҳбуснинг исмини айтоласизми?” деб савол сўрашганда, мухолифатчилар “ҳозир эслай олмаяпман, аммо бундайлар кўп” деб жавоб беришгани устидан “Ҳаракат” агентлиги ҳам кулган эди. Ана ўша кулгили аҳмоқлар коалициясининг раҳбари, россиялик миллиардер Бидзина Иванишвили Гуржистоннинг Давлат Бюджетидан ҳам катта бойлиги борлигидан фойдаланиб, катта пул эвазига сайловларни ютгандан кейин, аввалдан қамоқда бўлган 190 кишига парламент қарори билан сиёсий маҳкум мақоми бердирди. Уларнинг ичида Россия фойдасига жосуслик қилишда айбланганлар, қотилликда айбланган ва ҳеч қандай сиёсатга алоқаси бўлмаганлар кўпчиликни ташкил қилади. Масалан, “қонуний ўғри” (русчаси, вор в законе) ҳисобланадиган футболист Георгий Деметрадзенинг сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритилиши масхарабозликдан бошқа нарса эмасди. Қолаверса, дунёда расман қабул қилинган “сиёсий маҳбус” атамаси йўқлигини ҳам унутмаслик керак.

Сўнгра, парламент озодликдан маҳрум қилинган 3 минг кишини амнистия билан озод қилиш қарори чиқарди, уларнинг ичида ўша 190 нафар “сиёсий маҳбус” ҳам бор эди. Яъни, ҳукумат қонуний амнистияга тушмайдиган рус жосусларнини ва бошқа ўз одамларини "сиёсий маҳбус" баҳонасида қамоқдан чиқариб олди. Саакашвили амнистия қарорини бу шаклда имзолашдан воз кечиб, вето қўйгач, парламент уни қайтадан тасдиқлади ва қарор парламент спикери – “Гуржилар Орзуси” коалициясининг вакили Давид Усупашвилининг имзоси билан кеча эълон қилинди. Конституция шундай қилишга рухсат беради. Кечанинг ўзиёқ “сиёсий маҳбуслар” озод қилинди. Ҳамма диктаторлар бу воқеадан ўрнак олсалар бўлади. Амнистияга тушмайдиган биронта катта жиноятчини озод қилиш керак бўлиб қолса, унга қўғирчоқ парламентда "сиёсий маҳбус" унвони бериб, кейин озод қилиш йўли ихтиро этилди.

Грузия-Online сайтининг билдиришича, журналистлар янги ҳукумат расмийларидан “нима учун янги ҳукумат тарафидан яқинда қамлаган Саакашвилининг вазирлари ва вазир ўринбосарлари сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритилиб, озод қилинмади?” деб сўрашганда, “уларни ҳам рўйхатга киритишни  биздан ҳеч ким сўрамади” деб яна масхарабозлик қилишгача боришибди.

Саакашвили бу масала бўйича махсус баёнот эълон қилиб, русларнинг фойдасига жосуслик қилинганларнинг озод қилиниши ва янги ҳукуматнинг сиёсати Гуржистонни Европадан узоқлаштириб, Россиянинг қучоғига отишидан хавотирлигини билдирди.

Михаил Саакашвилини ўз шахсий душманидек кўрадиган Россия Президенти Владимир Путин секин-аста Гуржистонни қайтадан вассал қилиб олиш йўлида ғалаба қозонаётганга ўхшайди. Аммо, бундай бўлмайди. Тез орада “Гуржилар Орзусига” овоз берганлар алданганларини ёки сотиб олинганларини тушуниб қоладилар.

Айни замонда, Гуржистон оммвий ахборот воситалари ҳар куни бўлмаса ҳам кун ора, биронта қишлоқда Саакашвили замонида олиб ташланган Сталиннинг ҳайкал ва бюстлари қайтадан жойига қайтарилаётганини хабар қилмоқдалар. Яқинда Путинга ҳам ҳайкаллар қўйиш бошланмаса бўлди.