13 January 2013
22:29 - Бугун Москва ва бошқа шаҳарларда “Аблаҳларга қарши марш” номли намойишлар бўлиб ўтди
Мухолифатчилар томонидан ташкил қилинган ва маҳаллий ҳокимликларнинг рухсати билан ўтказилган намойишларнинг мақсади – яқинда Россия парламенти тарафидан россиялик болаларни америкаликларга асраб олишни тақиқлайдиган қонунни қабул қилган “аблаҳлар”ни қоралаш эди. Аслида, оғир аҳволда бўлган етимларнинг, уларнинг ичида Россияда даволаб бўлмайдиган касаллар ҳам бор, Америкадек давлатга кетишининг олдини олиш, ростдан ҳам аблаҳликдир.

Москвада совуққа қарамасдан намойишга чиққан ўн минглаб одамларнинг қўлида, бу қонун қабул қилиш ташаббуси билан чиққанларнинг, унга овоз берган таниқли депутатларнинг ва бу қонунни имзолаган Президент Владимир Путиннинг устига “Шарманда” сўзи ёзилган минглаб портретлари бор эди. Ҳар доимгидек, ҳукумат бу намойишни камситиш мақсадида, унда 9,5 минг одам қатнашганини эълон қилди, аммо расмда кўриниб тургандек, қатнашчиларнинг сони жуда кўп бўлган. Баъзилар Путиннинг портретини ёқишган, кўпчилик қўлларидаги портретларни аввалдан тайёрлаб қўйилган аҳлат қутиларига намойишкорона отишган.

Россиянинг яна бир қатор шаҳарларида, жумладан Санкт-Петербургда ҳам шу каби намойишлар ўтказилди. Санкт-Петерургда 2 минг, бошқа шаҳарларда юзлаб одам намойишларга чиққани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси россиялик адвокат Магнитскийнинг ҳибсга олиниб, тергов пайтида ўлдирилишида қўли бор деб ҳисобланган бир қатор россиялик ҳуқуқ-тартибот органларининг ходимлари, юқори даражали мулозимлар ва депутатларга АҚШ визаси беришни тақиқлайдиган, уларнинг АҚШ банкларидаги пулларини музлатиб қўядиган қонун қабул қилган эди. Россиялик болаларнинг америкаликлар тарафидан асраб олинишини тақиқловчи қонун, америкаликлардан ўч олиш мақсадида чиқарилгани ҳам ҳаммага маълум.

Яна бир марта айтиш керакки, бу шаклда “ўч олиш” ростдан ҳам аблаҳлик, айнан рус болаларига нисбатан аблаҳлик бўлиб қолмоқда.