13 January 2013
13:08 - Абдуманноб Пўлатни ҳам ҳимоя қилган машҳур адвокат Юрий Шмидт вафот этди
Рус ахборот воситалари Юрий Шмидт кеча 75 ёшда ўзи яшайдиган Санкт-Петербург шаҳрида оламдан ўтганини билдирдилар. Қайта қуриш йиллари бошланган демократик жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлган Юрий Шмидт бир қатор сиёсий сабаблар билан айбланаётганларни ҳимоя қилган йиллари машҳур бўлиб кетган эди.

Унинг бу соҳадаги илк ишларидан бири – “Бирлик” халқ ҳаракатининг асосчиларидан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг асосчиси ва биринчи раиси, умуман Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракатининг бошида турган Абдуманноб Пўлатни ҳимоя қилиш бўлган.

Маълумки, Абдуманноб Пўлат 1991 йил январь ойида Талабалар шаҳарчасидаги талабаларнинг қўзғолон каби чиқишлари пайтида Президент Ислом Каримнинг расми остига “Шундай ҳайвон борки, ўз фарзандларини ейди” деган сўзлар ёзилган плакатни тайёрлашда ва шу йўл билан Ислом Каримни ҳақорат қилишда айбланган эди. Уни Ўзбекистон махсус хизматининг ходимлари Бишкедан ўғирлаб келиб, суд қилишга бошлаганларида, бу иш халқаро миқёсда шов-шувга айланди, адвокатликни Юрий Шмидт ўз бўйнига олди ва 1991 йил декабрдан 1992 йил февраль ойигача Тошкентга бир неча марта суд мажлисларига келди. Абдуманноб Пўлатнинг бу плакатни тайёрланишига алоқаси борлиги, бу плакатда ҳақорат борлиги исботланмаган бўлса ҳам, Ислом Каримнинг талаби билан унга шартли қамоқ жазоси берилиб, суд залидан озод қилинди.

10 йилдан кейин Юрий Шмидт Россиянинг энг бой одами Михаил Ходорковскийнинг ҳам адвокатлигини қилди ва бу иш сиёсий сабабларга асосланганини исботлашга интилди. Аммо Ходорковскийни таъқиб қилиш шахсан Путиннинг ташаббуси билан бўлаётгани сабабли, уни узоқ йилларга қамоққа ташладилар.

Юрий Шмидт Халқаро Ҳуқуқ Ҳимоячилари Лигасининг мукофотини олган, ҳали Ельцин президент бўлган 1997 йилда Россияда “Йилнинг адвокати” деб эълон қилинган.

Юрий Шмидт собиқ Совет республикларида янги диктаторлар тарафидан таъқиб қилинган одамларни қўрқмасдан ҳимоя қилган олижаноб ҳуқуқчи сифатида тарихда қолади.