12 January 2013
03:25 - Докторлик диссертациясини ҳимоя қилишнинг янги тизими жорий этилди
Ўзбекистонда ОЎЮдан кейинги таълим ва фан доктори илмий даражасини ҳимоя қилишнинг янги тизими жорий этилди. Энди ушбу илмий даражага магистрлар ва бакалаврлар даъвогарлик қилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси ОЎЮдан кейинги таълимга давлат талабларини, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Низоми ва тузилмасини ҳамда ОЎЮдан кейинги таълим ва уни тугатганлик ҳақидаги давлат намуналари (фан доктори дипломи, профессор, доцент, катта илмий ходим аттестатлари) тўғрисидаги Низомни тасдиқлади.

ОЎЮдан кейинги таълим катта илмий ходимлар-изланувчилар институтида 3 йил давомида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда институтга кириш имтиҳонлари натижалари бўйича танлов асосида ёки мустақил изланувчи шаклида амалга оширилади. Хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўлов-контракт асосида ёки республиканинг халқаро шартномаларига мувофиқ таълим олишлари мумкин.

Бир пайтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасаси ёки илмий-тадқиқот муассасасида мустақил изланишни олиб бориши мумкин эмас. ОЎЮдан кейинги таълим институтини тугатган, аммо докторлик диссертациясини ҳимоя қилмаган шахслар кейинчалик мустақил изланувчилар сифатида қабул қилинишлари мумкин.

Кўрсатилган институтга кириш учун камида 2 йил илмий ёки педагогик фаолият стажига эга бўлиш, магистр ёки фан номзоди бўлиш ёки магистрлик даражаси жорий этилишидан олдин олинган олий маълумот тўғрисидаги дипломга, илмий мақолаларга эга бўлиш, чет тилларини, АКТ ва интернетни билиш зарур. Изланувчилар учун юқорида кўрсатилганларидан ташқари 5 йиллик иш стажи зарур, бунда бакалаврлар ҳам қатнашиши мумкин. ОЎЮдан кейинги таълим йўналиши дипломда кўрсатилган мутахассисликка мос келиши керак бўлса-да, шу билан бирга турдош фан тармоқларида ҳам таълим олишга рухсат берилган бўлиб, бунинг учун қўшимча имтиҳонлар ўтказилади.

Таълим олиш жараёни мустахассислик, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи, чет тили ҳамда фан соҳасига қараб Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан белгиланадиган фанлар бўйича имтиҳон топшириш билан якунланади. Олий таълим муассасаси ёки илмий-тадқиқот муассасаси томонидан тавсия этилган мавзулар бўйича фан доктори илмий даражасини диссертант ўзбек, рус, қорақалпоқ ёки ОАК билан келишилган ҳолда чет тилида ҳимоя қилиши мумкин. // olam.uz