09 January 2013
04:45 - Ўзбекистонда ҳар йили олий ўқув юртларининг рейтинги ўтказиладиган бўлди
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2012 йил 29 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Республикадаги олий таълим муассасаларини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорини имзолади.

Ҳужжат Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг илмий ва педагогик фаолияти даражасини ва сифатини оширишни рағбатлантириш, улар томонидан ОЎЮ профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий салоҳиятидан фойдаланиш бўйича тегишли халқаро мезонлар ва стандартларга, кўрсаткичларга эришилиши, реал иқтисодиёт тармоқларида талабга эга бўлган юқори малакали кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2013 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган ОЎЮни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.

Ўзбекистон раҳбари республика олий таълим муассасалари рейтингини тузиш ва уларни баҳолаш вазифасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига топширди.

Рейтинг ОЎЮнинг илмий-педагогик фаолияти даражасини ва сифатини характерловчи маълумотлар базасини мунтазам равишда танлаб олиш ва шакллантириш асосида тузилади, деб ёзади UzDaily.

Қарорда қайд этилишича, Давлат тест маркази рейтинг натижаларини 1 мартга қадар оммавий ахборот воситаларида чоп этади.

Рейтинг тўртта мезон асосида тузилади: ўқитиш сифати даражасининг индекси (35%), талабалар ва битирувчилар малакасининг индекси (20%), ОЎЮнинг илмий салоҳияти (35%) ва бошқа кўрсаткичлар (10%).

Қарорга мувофиқ, Давлат тест маркази ҳар йили рейтинг асосида соҳани такомиллаштириш бўйича конкрет таклифлар билан бирга мамлакатдаги олий таълимнинг ривожланиш ҳолати ҳақидаги таҳлилий маърузани тайёрлайди. // olam.uz