11 January 2013
01:32 - Тошкент вилояти суди яна 8 нафар исломчини қамоққа жўнатди
Ҳуқуқ Ҳимоячиларнинг Ташаббус Гуруҳининг тарқатган хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди 3 аёл ва 5 эркакни Обид қори ва Абдували қори маърузалари ёзилган кассеталарни уйида сақлагани учун 8 йилдан 18 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилганини таъкидлаган. 7 январ кунги суд ҳукмига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи саккиз нафар фуқаро ваҳҳобийлик оқимига алоқадорликда айбдор деб топилган.

- Носирова Динорага 8,5 йил, Соипов Абдураҳимга 18 йил, Асқаров Обудхонга 12 йил, Қулбеков Рисқул, Юсупов Фурқат ва Салматов Фарҳодларга 10 йилдан, Мўминова Шоҳида ва Юсупова Мукаррамларга 8 йилдан қамоқ жазоси белгиланган,- дейди хабар муаллифи Суръат Икромов.

Айблов хулосасида ёзилишича, саккиз фуқаронинг барчаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш), 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбдор деб топилган.

Суръат Икромов ҳеч бир жиддий аргументсиз қамалганларнинг айбсиз эканлигини иддао қилаётган бўлса ҳам, кўринишидан, бу диндорлар, ҳозир ҳамма ерда қабул қилинган атамани ишлатсак, исломчиларга ўхшайди. Исломчилар, ўзидан бошқа мусулмнларни ҳақиқий мусулмон деб ҳисобламайдиган, исломий давлатчиликдан бошқа нарсани тан олмайдиган, ўз мақсадига етиш учун экстремистик йўллардан ҳам қайтмайдиган фанатиклардир.