04 January 2013
00:51 - Ўзбек газеталари тиражи кўтарилиб кетиши сабаби нимада?
Ўзбекистон Парламенти ва Ҳукумати нашри бўлмиш “Халқ сўзи” газетасининг бугунги сони 130 минг тиражда босилди. Сўнгги 15 йилдаги бу рекорд кўрсаткич, афсуски, ўқувчилар сонининг ортганини билдирмайди. Таҳририятнинг номини очиқламаслик шарти билан мухбиримизга гапирган ходимасига кўра, тираж ошиши мажбурий обуна ҳосиласи бўлиб, газета келгуси уч ой давомида ана шу тариж билан чиқади. Чунки “обуна кампанияси” қурбонларининг кўпчилиги газетага бор-йўғи 3 ойга ёзилишган. Шу сабабли, жорийдаги йилнинг апрелидан газета тиражи тенг ярмига, йилнинг ярмидан кейин эса 30 мингтагача тушиб кетиши кутилмоқда.

Бошқа газета таҳририятларида ҳам ана шу ҳолатни кузатиш мумкин. Масалан, ҳозир «Ўзбекистон овози» 18 минг, «Ишонч» 20 минг, «Маърифат» 69 минг дона чиқишга бошлади. Элак йилнинг ярмида сувдан кўтарилса, дунё миқёсида кулгили бўлган бу “рекорд”ларнинг ярми ҳам қолмайди.

Аксинча, кўнгилочар газеталарнинг тиражи ҳали ҳам баланд. Масалан, “Даракчи” чорак миллион тиражда чоп қилинмоқда.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига кўра, 2012 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, мамлакатда 1305 та оввамий ахборот всоитаси рўйхатга олинган. Уларнинг 712 таси газета, 264 таси журнало 63 телевидение, 4 та ахборот агентлиги ва ҳоказо.