26 December 2012
03:31 - Ўзбекистонда муз устидаги хоккей тикланадими?
Яқиндан бери расмий хабарларда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги йўқолиб кетган хоккей спорт турини тиклаш ҳаракатига тушгани айтилмоқда. Ҳатто кеча, 24 декабрда Миробод туманидаги “Фурқат” номли истироҳат боғидаги яхмаликда илк мусобақа ўтказилиши ҳам эълон қилинганди. Аммо, “Бинокор” фахрий хоккей клуби ва ҳаваскорлар ўртасида бўлиши кутилган ўйин обҳаво ва майдон шариоти туфайли тўлақонли бўлмади. Қолаверса, ихлосмандлар ҳам кўп эмасди, дейди ўша ерга борганлардан бири.

Фахрий хоккейчи Алишер Азимовга кўра, йўқолиб кетган бу спорт турини тиклаш осон бўлмайди. Бу йили ҳоккейчилар сони 40-50 кишига етди. Муз устидаги хоккей тезроқ ривожланиши ва ўйинларда томошабинлар сони кўпайиши учун Словакия ва Сербиядан яхши хоккейчиларни таклиф қилиш режалаштирилмоқда.

Мамлакатимизда йўқолиб кетган ҳоккей турининг ривожи бевосита ҳоккей майдонлари, яъни қишки саройлар йўқлиги билан боғлиқ. Ўзбекитон ҳукумати қарори билан сўнгги қишки спорт саройи бўлган “Алпомиш” 1995 йилдаёқ бузиб ташланган, ҳозир унинг ўрнини муҳташам савдо мажмуаси эгаллаб турибди.