19 December 2012
13:44 - АҚШ Ўзбекистонда ҳарбий база очиши масаласида ўрис ахборот воситалари ақлдан озмоқда
Ўрис ахборот воситалари ақлдан озаётганини “Ҳаракат” мухбирлари ва экспертлари ойлардан бери ёзмоқдалар. Ёзишларининг сабаби – рус матбуотида Ислом Карим Коллекти Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) дан чиқиб, АҚШ билан ҳамкорлик йўлиги ўтиш учун тайёргарлик кўраётгани ва Ўзбекистонда АҚШнинг ҳарбий база очишига рухсат беришга тайёрланаётгани ҳақидаги спекуляцилар давом этаётганидир. Рус матбуоти, ҳукуматники ҳам, мустақиллари ҳам, шу иддаони собитқадамлик билан ёзишда давом эттирмоқдалар. Улар нимага асосланмоқдалар ва уларнинг мақсади нима?

Рус ахборот воситалари спекуляцияларини Ўзбекистоннинг КХШТ ва Евросиё Иқтисодий Ҳамжамиятидан (ЕИҲ) чиқиб кетиши, ЕИҲ доирасида тузилаётган Эркин Савдо Зонаси ва Божхона Иттифоқига кирмаётганига асосланиб олиб бормоқдалар. Тахмин қилиш қийин эмаски, бу спекуляциялар ўрис ҳукуматининг истаги, балки, топшириғи билан бўлмоқда. Хўш, Владимир Путин ҳам Ўзбекистон Россиядан юз ўгириб, АҚШга бурилаётганидан қўрқмоқдами?

Бўлмаган гап. Агарда Путин Россияга ўзбек мардиколарини киритмаслик хусусида амалий иш эмас, оддий имо-ишора қилса, Россия олдида шундоқ ҳам эгилиб турган Ислом Карим тиз чўкади. Чунки, иқтисоди чўкаётган Ўзбекистон Давлат Бюджети ўша мардикорланинг пул жўнатмаларига таяниб оёқда турибди.

Шу сабабдан, аслида Лубянканинг одами бўлган Ислом Карим нимадир сабаб билан Россиядан бироз юз ўгирмоқчи бўлса ҳам, бунга на қурби на жасорати етмайди.

Ўзбекистон КХШТ, ЕИҲ, Эркин Савдо Зонаси ва Божхона Иттифоқига кирмаётганинг сабаби бор. Авваламбор иқтисод соҳасини олайлик. Ўзбекистон ЕИҲ, Эркин Савдо Зонаси ва Божхона Иттифоқига кирмоқчи бўлса, қонунларини уларга мослаштириши, бироз қўполроқ қилиб айтсак, бозор иқтисодига ўтиши керак. Ҳамма гап шу ерда. Ислом Карим буни истамайди, у Ўзбекистонни катта бир қолхоздек Совет усули билан бошқармоқчи, бошқача бошқаришни билмайди ҳам. Қаранг, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон Ялпи Ички Маҳсулотининг (ЯИМ) тахминан ярми қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқарилади. Қишлоқ хўжалигида ҳамма нарса фермер ва деҳқон хўжаликларининг қўлида ҳисобланада, аммо фақат қоғозда ҳисобланади.

Амалда эса бу хўжаликлар давлат талаб қилган нарсани етиширадилар, тўғрироғи, асосан пахта етиштирадилар ва пахтани бозорда эмас, худди Совет замонида каби, давлатга салкам текинга топширадилар. Агар Ўзбекистон ЕИҲ, Эркин Савдо Зонаси ва Божхона Иттифоқига кириб, бу ташқилотларнинг қонунларига бўйсинса, у ҳолда фермер ва деҳқон ҳўжаликлари ўз маҳсулотларини давлатга эмас, ЕИҲ, Эркин Савдо Зонаси ва Божхона Иттифоқи доирасида истаган жойларида сотишлари мумкин бўлади. Давлат Бюджетимиз эса бир йилда чўкади.

КХШТ хусусида ҳам шунга ўхшаш нарсаларни айтиш мумкин. Ўзбекистон ЯИМнинг ҳажми билан ҳатто Туркманистон ва Қозоғистондан 6-8 баравар орқада. Яъни Ўзбекистон қашшоқ эмас, ўта қашшоқ мамлакат. Ўта қашшоқ мамлакатнинг армияси қанчали дабдала эканлиги ҳар бир ақли расо одам тушунса керак. Ўзбекистон КХШТга кирса, армиямиз шармандали аҳволи кўриниб қоладику.

Ислом Каримнинг бирдан бир мақсади - Ўзбекистоннинг иқтисоди тўла чўкиб бўлгунча, Оллоҳнинг раҳматига қовушиб олиш ва бир амаллаб кунларини чўзиб бориш.

АҚШ Ўзбекистонда ҳеч қандай ҳарбий база очолмаслиги ҳам ўз-ўзидан маълум. Чунки, Ислом Карим яқиндагина ҳарбий ташкилотларга қўшилмаслик, ўз ҳудудларида чет эл базалари очилишига йўл қўймслик ҳақида қонун чиқариб олган.

Хўш, у ҳолда рус ахборот воситаларининг мақсади нима? Мақсадлари жуда аниқ - Ўзбек халқи “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” агентлигининг Ислом Карим тамомийла Лубянканинг вассали деган пропагандаси таъсири остига тушиб қолишининг олдини олиш ва асосан рус ахборот воситаларидан хабар оладиган содда ўзбек зиёлиларига Ислом Каримни Россия-АҚШ ўртасида усталик билан ўйинлар олиб борадиган даражадаги уста сиёсатчи қилиб кўрсатиш.

Аммо, ҳақиқатни Ўзбек халқидан узоқ вақт бекитиб бўлмайди. Ислом Каримнинг куни битмоқда.