13 December 2012
21:45 - Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотлар масаласи ва Наманганда гўёки нодавлат ташкилотларининг масхарабозлик форуми
Биринчидан, авваллари ҳам айтган фикримизни такрорлаш лозим. Давлатдаги ҳеч нарса “нодавлат” бўлолмайди. Жумладан, ҳар қандай давлат ичидаги ташкилот шу давлатга оиддир. Ўзбекистонда мантиқсиз “нодавлат” атамаси расман қабул қилингани учун, уни биз ҳам баъзида ишлатамиз, аслида, бу ерда бутун дунёда каби “ноҳукумат” атамасини ва “ноҳкумат нотижорат ташкилотлар” иборасини ишлатиш керак. Баъзи хабарларимизда биз шундай қилганмиз ҳам.

Бу – биз кўтараётган мавзунинг ташқи қўриниши. Моҳиятига келсак, Ўзбекистон каби диктаторликларда ҳеч нарса, демак, ҳеч бир ташкилот ҳам, ноҳукумат бўлолмайди. Ҳамма ташкилотлар ҳукуматнинг ўзи тарафидан тузилган, шунинг учун ҳукумат томонидан расмийлаштирилган, яъни рўйхатдан олинган ва унинг чизган чизиғидан юради. Бу – ҳақиқат ва қоғозда ёзилмаган қонундир.

Тўғри, бу қонунга бўйсинмайдиган ягона мисол - расман рўйхатга олинган ва ҳукуматнинг чизган чизиғидан эмас, қонунлар доирасида ўз йўлидан юрадиган Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг борлигидир. Бу жамиятнинг рўйхатга олиниши - “Эзгулик” фаолларининг тарихда қоладиган жасорати ва маҳоратининг натижасидир. Улар Ўзбекистон режимининг бутун қаршиликларига қарамасдан, Адлия вазирлигининг тихирликларини енгиб ўтиш учун бир йил ичида 4 та қурултой ўтказиб ва “Бирлик” партияси фаолларининг ҳамда дунё демократик ҳамжамиятининг ёрдамидан ақл билан фойдаланиб, “Эзгулик”ни рўйхатдан ўтказишга эришишган.

Ўзбекистонда ҳозир бир нечта инсон ҳуқуқлари ташкилоти бор. Улар фақат ва фақат ҳукуматнинг моливий назорати остига тушмаслик мақсадида рўйхатдан ўтишга жиддий ҳаракат қилмаяптилар. Бу уларнинг шахсий ишими? Йўқ. Улар, аслида, Ўзбекистонни демократия йўлидан имкон борича узоқда тутиш масаласида мавжуд режимга хизмат қилмоқдалар. Чунки, рўйхатдан ўтган ташилотларгина Ўзбекистон ичида халққа фойдаси бор ишлар қила олади.

Бу масалада темир девор орқасида яшаган СССРдаги ҳуқуқ ҳимоячилари норасмий фаолият олиб боришга мажбур бўлганларига орқа қилиб бўлмайди. Ҳозир бутунлай бошқа шароит, қолверса, 21 аср.

Бугун Ўзбекистонда кўплаб ҳуқуқ ҳимочиси ташкилотлар рўйхатдан ўтсагина, уларнинг ишини самараси кўринишга бошлайди, мавжуд режим психологик маънода сиёсий партияларни рўйхатга олишга тайёр бўлади. Мухолифатдаги сиёсий партиялар расман тан олинмагунча, демократия тўғрисида гапириш кулгилидир. Дарвоқе, 10 декабрда ҳуқуқ ҳимоячиларининг АҚШнинг Ўзбекистондаги АҚШ элчиси Жорж Крол билан учрашувида айнан шу масалани гапирди ва АҚШ ҳукуматининг бу маслага бефарқ қолаётганини урғулади.

Молиявий назоратдан қутилиш учунгина рўйхатдан ўтмаётган ва чет эл грантларини олиш учун қоғоздагина фаолият олиб бораётган “ҳуқуқ ҳимоячилари” миллат олдидаги мажбуриятларини, қолаверса, жавобгарликларини унутмасликлари керак. Бу ишни ўзлари қилолмаётган бўлсалар, “Эзгулик” ва “Бирлик”дан маслаҳат ва ёрдам сўрашлари шарт. Акс ҳолда, уларнинг мавжуд ҳукуматдан қолишмайдиган даражада масхарабоз эканликларини гапиришга мажбур бўламиз.

Мавжуд режимнинг масхарабозликлари чексиз эканлиги ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат ҳам йўқ, чунки, улар ҳаммага маълум. Мана яна бир мисол.

ЎзАнинг хабарига кўра, Наманганда гўёки нодавлат нотижорат ташкилотларининг форуми бўлиб ўтибди. Бизда хабарчилик ҳам шунчалик масхарабозликки, ҳатто у қачон бўлиб ўтгани, нечта одам қатнашгани ҳам айтилмайди. Табиий, у ерга Ўзбекистондаги ягона ноҳукумат ташкилот “Эззулик” таклиф этилмаган.

Хуллас, шу масхарабозлик форумида “Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ва “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан” фикр-мулоҳазалар билдирилибди. Аммо, хабарда ҳеч бўлмаса, мисол тариқасида, биронта фикр тилга олинмаган. На биронта ташкилотнинг на биронта иштирокчининг исми келтирилмаган. Хабар охирида “Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов иштирок этди” деган жумла бор, холос.

Ҳа, ўзбек жамиятининг бугунги аҳволи ўта ачинарли. Бу ерда фақат режимни қоралайвериш ҳам тўғри бўлмайди. Ҳақиқат шундан иборатки, Ўзбекнинг ош ейиш ва ош беришдан бошқа ҳеч нарса билан иши йўқ.