Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг бугун тарқатилган пресс-релизида таъкидланишича, бугун, 12 декабрда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди “Туркистон исломий ҳаракати”га мансубликда айбланган 16 нафар диндор устидан ҳукм ўқиди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) ҳамда 244/2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан айбланган Акмал Оллонуров 12 йилга, Баҳодир Дадажонов 12 йилга, Дилшод Муҳаммаджонов, Аҳрор Тўхтаев, Нодир Аҳмедов ва яна 5 нафар судланувчи 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
6 нафар диндор эса энг кам иш ҳақининг 50 баравари (3 146 000 сўм ёки 1600 АҚШ доллари) миқдоирдаги жаримага тортилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов бошқармаси томонидан тўпланган жиноят иши материалларига кўра, диндорлар шу йилнинг 12 майида “Туркистон ислом ҳаракати” диний радикал ташкилотига мансубликда айбланиб, ҳибсга олинган. Айблов хулосасига мувофиқ, мазкур шахслар мамлакат конституциявий тузимини ағдариш ва ўзлари аъзо бўлган диний оқим учун байтулмол йиққан ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сепаратистик, диний радикализм руҳидаги қарашларни тарғиб қилган.
Диндорларнинг ота-оналари эса фарзандлари юқорида номи зикр қилинган ташкилотни ҳатто эшитишмаганини таъкидлашмоқда. Айбланувчилар тергов изолятори ва ертўлада қийноқларга солиниб, улардан зўраки иқрорлик кўрсатмалари олинган.
Суд мажлислари давомида Акмал Оллонуров ҳамда Баҳодир Дадажонов ўзларининг “Туркистон исломий ҳаракати”га аъзо бўлганлари, аммо бошқа судланувчиларнинг бунга дахли йўқлиги ҳақида кўрсатма беришди. Қизиғи шундаки, Баҳодир Дадажонов Ўзбекистон собиқ комфирқасининг биринчи котиби Рафиқ Нишоновнинг набираси экан.
Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда ташкилий жиҳатдан “Ал-Қойда”нинг таркибий бўлинмасига айланган “Туркистон ислом ҳаракати” ўз фаолиятини Марказий Осиё ҳудудида ҳамда унинг ташқарисида ички ва ташқи молиявий каналларига эга. “Туркистон ислом ҳаракати”нинг жангари бўлинмалари Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон орқали ўтадиган наркотик моддаларни етказиб бериш билан ҳам фаол шуғуллангани айтилади.