07 December 2012
21:18 - Бош масхарабоз Ислом Карим Конституциянинг 20 йиллигини қутлади, халқни қорамолларга айлантириб бўлганини тан олди
Шу муносабат билан Оқсаройда юксак мукофотлар топшириш маросими бўлди, деб хабар беради ЎзА агентлиги.

Президентнинг мукофотланаётганларни улуғ кунлардан бирига етиб келишимиз йўлидаги оламшумул хизматлари билан  табриклаб сўзлаган ўта қисқа, аммо ҳар доимгидек ўта баландпарвоз нутқининг моҳиятини қуйидаги бир жумла жуда тўғри ифодалайди:

“Ҳозирги кунда дунёда, узоқ ва яқин атрофимизда қанча-қанча қийинчилик, қанча нотинчлик, инқироз кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонимиз юксак марраларга эришаётган экан, ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин, бундай ютуқлар аввало халқимизнинг ҳурматига сазовор бўлган сиз азизларнинг фидокорона меҳнатингиз ҳисобидан қўлга киритилаётганини эл-юртимиз юксак қадрлайди.”

Қани, ақли-хуши жойида одам айтсин, бу жумла масхарабозлик бўлмаса, масхарабозлик нима ўзи?

Дунё инқирози асосан Ғарбда бўлди, энг кўп зарарни Юнонистон кўрди. Юнонистоннинг Ялпи Ички Маҳсулоти 2011 йилда 299 млрд доллар эди. Аммо, бу мамлакатнинг аҳолиси 11 миллионга ҳам етмайди. Яъни, аҳолиси биздан 3 баравар кам бўлган мамлакатнинг Ялпи Ички Маҳсулоти биздан тахминан 7 баравар кўп. Кўриниб турибдики, киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот, демак, одамларнинг ўртача даромади бўйича Юнонистон биздан тахминан 20 (!!!) баравар олдинда. Тўғри, режимбоши ҳақ, ҳозирги кризис туфайли, Ғарб зарар кўрди, масалан, юнонларнинг даромади 7 фоизга камайди, демак, улар энди биздан бор-йўғи тахминан 19 (!!) баравар олдинда. Юнонлар шундан ҳам норози бўлиб, катта намойишлар уюштирдилар ва ЕИдан ёрдам ҳам олишга эришдилар.

Биз Юнонистондан 19-20 баравар орқада эканлигимизни қўйиб туринг, Қозоғистондандан 8 баравар, Туркманистон ва Озорбайжондан 6 баравар орқадамиз. Хўш, қани "юксак марраларга" эришаётганимиз?

Шундай экан, Ислом Карим бугун “Ўзбекистоннинг юксак марраларга эришаётгани” ҳақида гапиришдан уялмаслиги - масхарабозликдан ҳам кўпроқ - ўз халқини қаромолларга айлантириб бўлганини “тўнга ўраб” айтиши эмасми? Худди шундай.

Мукофотлар топшириш воқеасининг яна бир қатор қизиқ тарафлари бор. Ҳеч бир хабарда бу тантанали маросимдан биронта фоторасм йўқ. Давлатнинг расмий агентлиги тарқатган хабарда Ислом Карим 2013 йилни “Обод турмуш йили” деб эълон қилгани тилга олинмайди. Тақдирланганлар номидан Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши раиси Содиқжон Турдиев сўзга чиққани айтилади. Ваҳоланки, мавжуд режимнинг бу лайчаси шу йил август ойининг охирида Қаҳрамон унвони олган эди, бугун яна бир нарсага эришдими?