07 December 2012
13:05 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Кўзбўямачи олимнинг сохта тарих китоби ва унга тақриз
Таҳририятимиз хатқутисига Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тарих институти олимларидан келган мазкур мактубни тарихчилар Нарзулла Жўраев ва Ҳамдам Содиқов ҳаммуаллифлигидаги чоп қилинган китобга тақриз деса бўлади. Унга кўра, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва Жамият Қурилиши Академияси қошидаги Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази томонидан нашр этилган “Ўзбекистон тарихи” китоби, сарлавҳада айтилгани каби, ҳақиқатан ҳам сохта китобга ўхшайди.

Тарих институти олимлари муайян сабабларга кўра, ўзларининг исми-шарифларини сир тутишни илтимос қилишибди. Уларни тушуниш мумкин.

* * *

Бу асар 2000 йилда чоп этилган “Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида”, деб номланган китобнинг лотин тилидаги қайта нашри бўлиб, унинг асосий қисми ўзгартирилмаган. Кирилл алифбосида ёзилган аввалги нашрдаги китоб асосан мавжуд адабиётлардан кўчириб олинганлиги сабабли, уни тайёрлаганлар тузувчилар сифатида кўрсатилган ва асар сўнггида фойдаланилган адабиётлар рўйхати кўрсатилган эди. Янги нашрда уни тузувчилари ўзларини муаллиф сифатида кўрсатадилар. Бу сафар муаллифлар қаторида асосий муаллиф (аниқроғи тузувчилардан) Ҳ.Содиқов ва мазкур давр тарихи билан мутлақо шуғулланмаган Н.Жўраев қайд этилади, аввалги нашрнинг бошқа муаллифлари эса кўрсатилмайди. Концептуал жиҳатдан китобда ўрганилган муаммолар ва давр тарихи янгича ёндашув (яъни мустамлака тузум асоратлари ва унга қаршиликлар, ўлканинг зўрлик билан босиб олиниши ва оқибатларини кўрсатиш) асосида ёритишга ҳаракат қилинган.

Аммо асар илмий концепция асосида яратилмаган. Бундан ташқари асарнинг услубий асослари ниҳоятда саёз бўлиб, унда илмий-оммабоп ҳамда публицистика, хрестоматия жанри қоришиб кетган, бу ҳол уни на дарслик, на илмий монография, на публицистик асар сифатида баҳолай олмасликка асос бўлади. Асарда пафос, эҳтирос ва ҳиссётларга тўла баён усули, бобларга манбаларнинг шарҳсиз ва изоҳсиз илова этилиши, боб ва параграфларда кўрилган масалаларнинг чалкашлиги унинг илмий савиясини ниҳоятда тушириб юборган.

Масалан, учинчи бобнинг “Халқ турмуши: ҳунармандчилик, ширкатлар, саноат ва тижорат”, деб номланган учинчи параграфи мантиқан ва мазмунан олиб қараганда ўта чалкаш бўлиб, унда алоҳида кўрилиши лозим бўлган масалалар асоссиз равишда қоришиб кетган. Ёки “мазлумона ҳаёт”(9-б.), “зулукдек сўриш”, “пинҳона ва разилона мақсад” (10 б.) каби иборалар муаллифларнинг илмийлик талабларидан четлашиб, эҳтиросга берилиб кетганликларидан далолат беради. Назарий жиҳатдан олиб қараганда гарчи асарда мустамлакачилик сиёсати кескин қораланса-да, муаммога таҳлилий ва изчил ёндашув етишмаслиги бу даврнинг моҳиятини, мустамлакачилик сиёсати стратегияси, режалари ва оқибатларини чуқур англаб етишни мушкуллаштиради.

Мазмун жиҳатидан олиб қараганда ҳам китобда жиддий камчиликлар яққол намоён бўлади. Хусусан: Тадқиқотда асоссиз равишда бўрттиришлар ёки умумлаштиришлар кўп учрайди. Масалан, адабиётлар таҳлилида мустамлака даврига мансуб тарихий асарлар муаллифлари “дворян-помешчиклар, зобитлар, савдо-саноат корчалонлари, нуфузли амалдорлар бўлишган”, деган қатъий фикр илгари сурилади. Ваҳоланки, улар орасида турли ижтимоий табақа вакиллари, тадқиқотчилар, турли соҳа мутахассислари, олимлар ҳам бор эди.

Асарда миллий мафкурага ёт бўлган, аксинча рус шовинизмига мос тушувчи ноўрин иборалар ҳам қўлланилган. Жумладан, 10-бетда “биринчи фотиҳ фон Кауфман”, 30-бет сарлавҳасида “Буюк Петр”, 47-бетда “Буюк Екатерина” кабилар. “Туркистоннинг парчаланиб кетиши ва уч хонликдаги ижтимоий-сиёсий вазият”, деб номланган биринчи бобда XVIII-XIX асрнинг ўрталари ҳақида сўз боради. Бу даврга нисбатан Туркистон атамасини қўллаш, шунингдек матнда ишлатилган Туркия, Эрон, Қозоғистон каби замонавий атамаларни ишлатиш ўрганилаётган давр нуқтаи назаридан асосли эмас.

Муаллифлар ўзбек халқи этник таркиби масаласида ҳам айрим чалкашликларга йўл қўйганлар. Ўзбек халқи, унинг эволюциясида иштирок этган турли этник компонентлар ёритилаётган даврга нисбатан ноўрин қўлланилган. Жумладан, манғит, минг, қўнғирот қабилалари атамаси ишлатилган. Бу ўринда уруғ атамасини қўллаш ўринли бўлар эди.

Асарда тарихий фактларнинг хато берилиши каби ҳолатлар ҳам учрайди. Хусусан, 28-29 бетларда 1753 йилда Муҳаммад Раҳим ўзини Бухоро амири, деб эълон қилганлиги ҳақида сўз боради ва у манғитлар сулоласига асос солганлиги таъкидланади. “Аммо у ички курашларга буткул барҳам беролмади, натижада Бухоро хонлигида мустақил яна бир давлат ташкил топди ва тарихда Қўқон хонлиги, деб ном олди”, деб ёзилади.

Аслида Муҳаммад Раҳимхон 1756 йилда олий ҳукумдор этиб кўтарилган ва бу даврда Қўқон хонлиги деярли 40 йиллик тарихга эга давлатга айланиб улгурган эди. Бу жараёнга мазкур манғит ҳукмдорининг алоқаси бўлмаган. Асарда кўпгина илмий адабиётлар ва манбалардан фойдаланилган ҳолда, муаллифлар томонидан асар баёнида уларга иқтибос берилмайди, яъни фикр ўғирлаш, кўчирмачилик ҳолатлари учрайди. (30-31 б., 38-39 б., 40-45 б., 50-52 б. ва ҳоказолар).

Асар муаллифлари мавжуд адабиётлардаги тарихий фактлардан ва тарихий воқеалар баёнида бошқа тадқиқотлардаги манбалар, маълумотлардан унумли фойдаланадилар, улардаги мазмун ва кетма-кетликни тўғридан тўғри кўчириб олиб, жумлаларнигина ўзгартирадилар, аммо улардаги манбаларга ҳеч бир ўзгаришсиз, бетма-бет, айнан бир хилликда илова келтирадилар. Аммо муаллиф асарига иқтибос берилмайди. Хусусан, II-бобнинг “Эълон қилинмаган уруш ... Қўқон”, деб номланган 1-параграфида берилган маълумотлар маҳаллий тарихчилар асарларидан келтирилган иқтибослар кўп ҳолларда Ҳ. Зиёевнинг 1998 йилда чоп этилган “Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш” китобида берилган маълумотларни айнан такрорлайди. Бу борада ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, таҳлил қилинаётган асарнинг 90-бетидаги Аваз Муҳаммад Аттор Ҳўқандийнинг “Тарихи жаҳоннамойи” асаридан олинган 1-иқтибос Ҳ.Зиёев асарининг 134-бетидаги 1-иқтибос билан мос. 96-бетда ҳам ушбу асардан келтирилган иқтибос Ҳ.Зиёев асарининг 148-бетида берилган иқтибос билан айнан бир хил. 90-бетдаги Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг “Тарихи жадидаи Тошканд” асаридан келтирилган 2-иқтибос Ҳ. Зиёев китобининг 135-бети 1-иқтибосида ҳам кўрсатилган. Шунингдек, 91-бетда келтирилган яна бир кўчирма гап Ҳ. Зиёев тадқиқотининг 136-бетида берилган иқтибосни айнан такрорлайди.

Бундан ташқари, Ибратнинг “Фарғона тарихи” асарида келтирилган, қозоқ бийи Бойзоқбий билан амирлашкар Алимқули ўртасидаги сўзлашув (ўрганилаётган асарда – 93-бет, 1-иқтибос; Ҳ.Зиёев асарида – 138-бет, 1-иқтибос) ҳам айнан бир хил берилган. Цитаталарнинг такрорланиш ҳолларини рус муаллифларининг асарлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, асарнинг 95-бетида К.К.Абазанинг “Завоевание Туркестана” китобига берилган 1-иқтибос Ҳ. Зиёевнинг юқорида номи келтирилган асарининг 145-бет, 1-иқтибос маълумотини айнан такрорлайди.

Мазкур китобнинг 103-105-бетларида келтирилган маълумотлар ҳам Ҳ.Зиёев асарининг 164-167-бетлардаги маълумотлар билан бир хил берилган.

Юқорида келтирилган “ўхшашлик”лар, шубҳасиз, тадқиқотчиларнинг баъзи ўринларда бирламчи манбалар маълумотларини бошқа муаллифлар асаридан айнан олганлиги ва бу ҳақда асарнинг бирор жойида қайд этмаганлигидан далолат беради.

Асарда айрим ҳолларда мавзудан четга чиқиш, асосий масалаларни эътибордан четда қолдириш ҳолатлари учрайди. Масалан, минтақанинг Россия билан муносабатларга, хусусан, турли элчиликлар фаолиятига, элчиларнинг шахсни аниқлаштиришга батафсил ўрин берилади. Хусусан, Бухоро элчилари, жумладан, Эрназар Мақсуд ўғли фаолиятига муфассал тўхтаб ўтилган ҳолда, асосий масала, яъни Россия империясининг Ўрта Осиёни босиб олишга қаратилган сиёсатининг тарихий илдизларини яққол кўрсатувчи элчилик миссиялари фаолиятига эътибор қаратилмайди.

Асарда зиддиятли фикрлар учрайди. Масалан, 39-бетнинг ўзида Эрон элчисидан олдин Россия элчисини қабул қилиб, етук сиёсатчи сифатида кўрсатилган Бухоро ҳукмдори Абулфайзхон, шу бетнинг ўзида турли зодагон гуруҳларнинг қўлида қўғирчоқ хон бўлиб қолганлиги қайд этилган.

Асарда сўнгги 10 йилдаги янги илмий натижалар, янги тадқиқотлар, мақолалар муаллифлар эътиборидан четда қолган.

Асарни лотин алифбосига ўгириш жараёнида кўплаб стилистик, имловий ва техник хатоларга йўл қўйилган. Айрим адабиётларнинг номи асоссиз равишда ўзбек тилига ўгирилиши уларнинг асл номини бузилишига сабаб бўлган.

Тадқиқотда боб ва параграфлар номида чалкашликлар ва хатоликлар учрайди. Масалан, иккинчи бобнинг 7-параграфининг номи “Туркистонда Чор империяси давлатчилигининг жорий этилиши”, деб номланади. Ваҳоланки, Туркистондаги ҳарбийлаштирилган мустамлака ҳарбий бошқарув тизими Россиядаги давлатчилик тизимидан кескин фарқ қилар эди.

Асарда назарий хатоликлар ҳам учрайди. Хусусан, Намоз Пиримқулов ҳаракати ҳақида қайд этилган маълумотлар ниҳоятда мунозарали, чунки бу шахснинг ҳатти-ҳаракатлари совет даврида синфий кураш, яъни камбағалларнинг бойларга қарши кураши сифатида талқин этилган ва унга ижобий баҳо берилган. Амалда эса хусусий мулк дахлсиз эканлиги ва қонун билан ҳимоя қилинаётган бир даврда мулкдорлар мулкини қароқчилар томонидан талон-тарож қилиб, маълум қисмини камбағалларга тарқатганлиги жасорат эмас, балки ғайриқонуний ҳолат. Асарда уни қаҳрамон сифатида кўрсатиш учун ёки миллий озодлик учун курашганлигини асослаш учун бирорта аниқ маълумот берилмаган.

Рус ва маҳаллий маърифатпарварлар ҳамкорлиги ниҳоятда бўрттирилганлиги ҳам асоссиздир. Умуман тадқиқотда бундай бўрттиришлар кўп учрайди ва тарихий воқеалар талқинида холисликдан четлашишга олиб келган.

Хулоса қилиб айтганда мазкур китоб чуқур илмий тадқиқот даражасига даъво қила олмайди, асарнинг концептуал, назарий-услубий ва бошқа камчиликлари, чалкашлик ва хатоликлар муаллифларнинг профессионал даражадаги мутахассис эмасликларини, масалага юзаки ва шошма-шошарлик билан ёндашганликларини, кўчирмачилик ҳолатлари эса нафақат китобхонга, балки ўз ҳамкасбларига ҳурматсизликни, илмий талабларга зид ҳолда муаллифлик ҳуқуқларини тан олинмаганлигини, холислик ва ҳаққонийлик тамойилларига риоя қилинмаганлигини намоён этади.

(Давоми бор)

Қисқача маълумот: Нарзулла Жўраев - сиёсий фанлар доктори, 1998-2002 йилларда Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси, 2002-2007 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлисида қўмита раиси ва сўнгра Президент ҳузуридаги Давлат ва Жамият Қурилиши Академиясида кафедра мудири лавозимларида фаолият юритган. Режимга садоқати ва унинг ғоявий мафкурасини яратишдаги хизматлари эвазига давлат мукофотлари билан тақдирланган, аммо кейинчалик бошқалар каби улоқтирилган.