29 November 2012
17:23 - Ўзбекистонда ҳамма нарса масхарабозлик, ҳуқуқ ҳимоячилиги ҳам. Боши берк кўчадан чиқиш йўли қаерда?
Шу йил 22 ноябрдаги хабаримизда Мустақил Ҳуқуқ ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳининг раҳбари Суръат Икромов Тошкент вилояти Янгибозор туманида 9 киши диний сабаблар билан жазоланганини билдирар экан, ҳеч бир факт ёки аргумент келтирмасдан, улар ноҳақ қамалганини иддао қилганини қоралаган эдик. Тўғриси, уни ақлсизликда айблаган эдик. Бугун Суръат Икромов Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Мустақил Ташкилотининг Жиззах вилоят бўлими раиси Ўктам Пардаевга чет элга чиқиш визаси берилмаётгани ҳақида хабар тарқатибди.

Хабар тарқатиш ҳам керак, аммо ҳуқуқ ҳимоячисининг асосий иши ҳуқуқи бузилаётган инсонга, хусусан, Ўктам Пардаевга ҳуқуқий ёрдам беришдир. Суръат Икромов ёрдам бероладими? Йўқ. Чунки, унинг ўзи раҳбарлик қилаётган Мустақил Ҳуқуқ ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳи рўйхатдан олинган эмас. Рўйхатдан ўтказиш учун ҳаракат ҳам қилинган эмас. Булар шунақа ҳуқуқ ҳимоячилари. Ҳуқуқий давлатда ҳар қандай ташкилот рўйхатдан ўтиши кераклигини ҳам тушунишмайди. Булардан қандай ёрдам кутиш мумкин? Суръат Икромов майда-чуйда хабарчилик билан шуғулланиб юрадиган одам. Аммо хабарчилигининг аҳволи ҳам жуда ғариб.

Нима учун дейсизми? Қаранг, “Ҳаракат” агентлигининг шу йил 3 октябрдаги хабаридан маълумки, Ўктам Пардаев ўша кунларда 15 кунга маъмурий қамалган эди.Суръат Икромов эса, бу фактни тилга олмайди. Ўктам Пардаевга виза берилмаётганининг сабаби ўша қамалиш билан боғлиқ эмасми, деган савол ҳам қўймайди. Бошқа сабаблар ҳақида ҳам гапириб ўтирмайди.

Хўш, ҳуқуқ ҳмоячилигига даъво қилаётган Ўктам Пардаевнинг ўзи ким? Айтайлик, уни асоссиз 15 кунга қамашди. У адолатни тиклаш, қамоқ ҳукмни кеч бўлса йўқ қилдириш учун бирон нарса қилдими? Йўқ. У шунақа ҳуқуқ ҳимоячиси, у ўзини эмас, бошқаларни ҳимоя қилади. Аммо, ўзини ҳимоя қилолмайдиган одам бировни ҳимоя қила олишига ишонадиган борми?

Хуллас, Ўзбекистоннинг, ўзбекнинг аҳволи шунқа. Президент масхарабоз, парламент ва ҳукумат масхарабоз. Кўриб турибсизки, ҳуқуқ ҳимоячилиги даъво қилаётганлар ичида ҳам масхарабозлар кўп. Мухолифатчиликка даъво қилаётганларнинг каттагина қисми чет элга қочволиб, ўша ерда масхарабозлик билан шуғулланади. Ғарб шу ўзбекларга ёрдами тегар деб, ўз ҳисобидан Озодлик, ББС, Америка Овози радиоларининг ўзбекча эшиттиришларини очиб қўйибди. Аммо, у ерга йиғилган ўзбек журналистлари шу пайтгача Ўзбекистоннинг тақдири, Ўзбекнинг келажаги билан боғлиқ бўлган иккита эмас, битта ҳам эшиттириш тайёрлай олишмаган, Президент, парламент, ҳукуматнинг масхарабозлиги ва демократлар ичида илдиз отиб бораётган масхарабозликни муҳокама қилишмаган. Чунки, ўзлари ҳам масхарабоз. Майда-чуйда мавзуларга бағишланган ғийбатсифат хабарлар тарқатиш билан шуғулланишади.

Шундай экан, Амир Темир авлодларининг мардикорлар тўдасига айланиб бораётгани табиий эмасми? Табиий.

Фақат “Бирлик” Партияси, энг камида, ватан ва миллат олдидаги бу муаммоларни тушунаётганини кўрсатмоқда, бу аҳволдан чиқиш йўлларини кўрсатмоқда.

Кечагина “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят билан Тошкентда учрашган Еврокомиссия вице-президенти Катрин Эштон ўзбек демократининг тутган йўлини маъқуллаб, ўзи ҳам айнан шундай йўл босиб ўтганини айтгани ҳам, “Бирлик” Партияси ҳақидаги фикримизни яна бир бор тасдиқламоқда, холос.