28 November 2012
13:36 - Туркия мактабларига кийиниш эркинлиги келди, ҳижоб ҳам келадими?

Шу пайтгача мактаб болаларининг қандай кийиниши кераклиги Миллий таълим вазирлиги тарафидан белгиланган қоидаларда кўрсатилган эди. Қоидаларга кўра, ўқувчилар умумий форма кийишарди, табиий, қизларга ҳижобга ўралиш ҳеч бир шаклда рухсат берилмасди. Туркия матбуотида тарқатилган хабарга кўра, энди бу қоидалар бекор қилинди. Болаларга кийиниш эркинлиги берилди.

Лекин, ҳали ҳам баъзи қоидалар ишлайверади. Масалан, киймлар вужудга ёпишиб турмаслиги, шим ёки қизларнинг кўйлаги жуда калта бўлмаслиги, ти-шортлар енгли бўлиши керак. Ихтиёрий бериладиган диний дарсларга ҳижоб билан кириш ҳам мумкин бўлади.

Бундай кийиниш эркинлиги замонавийликка қараб юришдек кўринса ҳам, аслида, аёллар учун ҳижобда юришни расмийлаштириш йўлидаги принципиал қадам деб баҳоланиши ҳам мумкин. Агар жараёнлар шу йўналишда кетаверса, Туркияда хотин-қизлар ёппасига ҳижоб кийишга ўтишини қўйиб туринг, киймаганларни тошбўрон қилиш қоидалари тикланиши ҳам ҳеч гап эмас.

 

Ҳозир ҳокимиятда бўлган исломий илдизли Адолат ва Тикланиш Партиясининг мақсади шундайдир, дейиш ҳам хато бўларди, аммо тушуниш керакки, жараёнлар ривожланиб борса, тарихдан маълум бўлгани каби, уларни тўхтатиш ёки бошқариш мумкин бўлмай қолади. Кейинги қадам қиз ва ўғил болаларни алоҳида ўқитиш бўлади. Қарабсизки, ўрта асрларда юрибмиз.