28 November 2012
13:34 - Ўзбекистонда 60 та қирғизча мактаб, Қирғизистонда 91 та ўзбекча мактаб борми?
Қирғизистон таълим вазири Канат Содиқов кеча Бишкекда ўтказилган “Тарафлар диалоги: Қирғизистон Республикасининг таълим системасида тил сиёсати” номли халқаро форумда шу рақамларни келтирди, дейилади ИА «24.kg» агентлигининг хабарида. Унинг айтишича, Ўзбекистонда 60 та қирғизча мактабда 8,8 минг ўқувчи ўқийди, Тожикистонда 27 мактабда дарслар фақат қирғиз тилида олиб борилади. Қирғизистонда эса 91 та ўзбекча мактаб бор, бундан ташқари қирғизча-ўзбекча-русча ва ўзбекча-русча тилларда аралаш ўқитадиган мактаблар ҳам бор. Бу мактабларда ҳаммаси бўлиб 112 минг ўқувчи ўқийди.

Вазирнинг фикрича, болаларга (яъни, ўзбекларга – Ҳаракат) 4 тилда - давлат тили, расмий тил, битта чет тили ва она тилида ўқиш оғирлик қилмоқда. Шу сабабли, мактабларнинг бир қисми ота-оналарнинг илтимоси билан қирғиз тилида ўқишга ўтишди.

Қирғиз вазирининг гаплари ҳақиқатга қанчалик яқин эканлигини текшириб кўриш имконимиз йўқ, дейди мухбиримиз. Аммо, 2010 йил июнь ойида Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган қонли воқеларда ҳалок бўлганларнинг 75 фоизи ўзбек бўлишига қарамасдан, ўша воқеалар бўйича жазоланганларнинг 85 фоизи ўзбек эканлиги, ўша воқеалар бўйича Халқаро Мустақил Комиссияси тарафидан тайёрланган ҳисобот Қирғизистон парламенти тарафидан якдиллик билан рад этилганини ҳисобга олсак, шундай мамлакатнинг вазири тарафидан берилган маълумотларга ва айтилган фикрларга ҳеч ким ишонмайди. Маълум бўлган фактлар шундан иборатки, ўзбекларни Қирғизистондан сиқиб чиқариш, ўзбекларни миллат сифатида камситиш давом этмоқда. Дунё ўзбеклари, биринчи навбатда, Ўзбекистон ўзбеклари мум тишлаб турар экан, Қирғизистонда ҳеч нарса ўзгармайди.