22 November 2012
22:42 - Сайтимиз ўқувчисининг таклифига жавоб: Европадаги масхарабоз ўзбек демократларига таъсир кўрсатинг
Исмини кўрсатмаган ўқувчимиз “Ҳаракат” хатқутисига қуйидаги мактубни ташлабди:

“Бир масхарабоз, ҳозирда депутат ва ижтимоий фикр марказининг раҳбари, жумладан, Инсон ҳуқуқлари масаласида Президентнинг энг яқин одами бўлган Акмал Саидов ташкилотлаштирилган конференция билан Конрад Аденауер фонди ва Франция элчихонаси ҳамкорлик қилгани маълум. Энг аввало псевдо ҳуқуқ ҳимоячиси Акмал Саидовни олий даражада танқид қилиб, унинг масхарабозлигини дунёга маълум қилиш лозим, холос. Сўнг Аденауер сингари фондларнинг масхарабоз режим билан ҳамкорлиги камаяди.”

Ҳурматли ўқувчимизга миннатдорчилик билдириш билан бир қаторда қуйидаги фикр-мулоҳазалар бошқаларга ҳам фойдали бўлишига ишонамиз.

Тўғри, Акмал Саидовнинг масхарабозлигини дунёга маълум қилолсак, у билан ҳозир ҳамкорлик қилаётганлар, ундан узоқроқ туришга ҳаракат қиладилар. Шу мантиқдан келиб чиқсак, Акмал Саидов кабилар билан овора бўлиб ўтирмасдан, Ислом Каримнинг масхарабозлигини фош қилсак, ундан ҳам ҳамма узоқроқ туришга ҳаракат қилади. Фараз қилайлик, Ислом Каримни бошқалардан тўла изоляция ҳам қилолдик дейлик. Буни фойдаси бўладими? Мана, масала нимада.

Ўйлаймизки, ҳамма бўлмаса ҳам, кўпчилик ўқувчиларимиз, “Бирлик” Партиясининг бу масала бўйича фикрини билишади. “Бирлик” дейдики, диктатураларни дунёдан изоляция қилиб, бирон натижага эришиб бўлмайди. Энг яхши мисол, 53 йилдан бери АҚШдек дев давлат тарафидан изоляция қилиб келинаётган Куба ёки Шимолий Кореяга қаранг. Диктаторларнинг бири кетиб, бошқаси келиб ётибди, аммо диктатура ўзгармаяпти.

“Бирлик”нинг фикрича, диктаторларни демократик дунёга интеграция қилиш йўли билангина диктаторликларга демократия шамолларини олиб келиш мумкин ва керак. Бу шамолдан фойдаланиб, ўз мамлакатида демократик жараёнларни ривожлантириш шу мамлакат демократларининг вазифасидир. Хабарларимиздан кўриб турибсизки, “Бирлик” шундай қилмоқда. “Бирлик” Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ягона мухолифат ташкилотидир. Сўнги ойларда уч вилоятда “Бирлик” Партияси вилоят ташкилотларининг конференциялари ўтказилди, унинг лидерлари Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхонаси тарафидан қабул қилинди. Бу ҳақдаги хабарларимизни ўқиган бўлсангиз керак.

Бироқ, “Бирлик”нинг ҳали кучсизлиги – ўзбек жамиятининг ибтидойлигида, ўзбек зиёлилари охур атрофида ўтириб олиб, ош ёйиш ва ош беришдан бошқа нарсани билмайдиган қорамолларга айланганида. Шароитни ўзгартириш учун кураш давом этади.

Ҳозир юрт ташқарисига қочиб олиб, ҳеч нарса қилмасдан, ҳеч ким ўқимайдиган сайтларда яшайдиган, айни замонда, мухолифатчиликка ёки ҳуқуқ ҳимоячилигига даъво қилаётган ўзбек махарабозлари ҳам кўпайиб кетди. Қаранг, масхарабозлик фақат ҳокимиятдагилар ичида эмас, мухолифат ичида ҳам ривожланган. Демак, бу нарса – ўзбек жамиятининг касаллиги.

Агар ўша чет эллардаги ўзбек демократлари Германия ва Францияда амалий иш олиб бориб, Ўзбекистон режимини рағбатлантираётган ташкилот ва шахсларни ўша ерда шарманда қилишса, шарманда қилингалар ўзбеклардан эмас, ўз жамиятларидан қўрққанлари сабабли, Ўзбекистонга борганларида демократияни озгина бўлса ҳам риволантиришга хизмат қиладиган гаплар гапиришган, ишлар қилишган бўларди. Томчи-томчи кўл бўлар деганларидек, бундай ишнинг натижаси албатта бўлади.

Аммо, минг афсуски, Европа давлатларида ўрнашиб олган псевдо-демократлар бу йўналишда ҳеч нарса қилишмаяпти.

Сайтимиз ўқувчиларига мурожаат қиламиз, Акмал Саидовни қўйиб қўйиб туринг, Европадаги ўзбек псевдо-демократларини шу айтилган йўналишда ишлашга чақиринг, қўлингиздан келса, зўрланг. Айни замонда, Ўзбекистон ичида фаолият олиб бораётган мардларга молиявий ёрдам беринг. Сиз ва биз бирон натижага эришайлик, Акмал Саид ва Ислом Каримга ўхшаганлар қочиб кетади.