21 November 2012
03:35 - Нурсултон Назарбой Парижда, Ислом Карим қаердалиги номаълум, аммо масхарабозлик давом этмоқда
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой ишчи ташриф билан Франция пойтахти парижга келгани қозоқларнинг расмий хабарларида 1 соатча олдин эълон қилинди. Нурсултон Назарбой Франция Президенти Франсуа Олланд билан музокаралар олиб бормоқчи, икки президент бир қатор ҳцжжатлар имзоламоқчи эмиш. Бугун кеч бўлди, демак, учрашувлар эртага бўлади. Ташриф неча кун давом этиши хабарларда айтилмайди.

Ғарб тарафидан яккамоховга айлантирилган, бошқалар Париждек жойга борса, сўлаги оқадиган Ўзбекистон Президенти Ислом Карим қаердалиги ҳам номаълум. У ўн кунчадан бери ҳеч қаерда кўринмайди, қандайдир фармонлар имзолагани ҳақида хабарлар пайдо бўлади, холос.

Бугун яна бир хабар пайдо бўлди. Хабар ҳам Тошкентда ҳам Остонада тарқатилди. Нима эмиш, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 20 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табриклашибди. Улар телефонда гаплашганларига имо ҳам йўқ. Афтидан, улар бир-бирларига телеграммалар юбориш билан чекланишган.

Нима хабар бўлса уни масхарабозликка айлантиришимиз кимларгадир ёқмаётган бўлиши мумкин. Аммо, бизни тушунинг, айб бизда эмас, масхарабозларда.

Қаранг, Ўзбекистон ва Қозоғистон тузилган йилларидан бери ўз конституцияларига кўра мустақил давлат эдилар ва мустақил давлат сифатида СССР номли структурага аъзо бўлгандилар. Сал кам етмиш йил мустақил бўлган икки давлат нимага айнан 1992 йили дипломатик алоқалар ўрнатишди? СССР йиқилганига ҳам бир йилча бўлиб қолган, Ўзбекистонда бир қатор давлатларнинг элчихоналари очилиб бўлгандан кейин Ўзбекистон ва Қозоғистон бир-бирини мустақил давлат сифатида тан олдими? Нега бундай бўлди? Бу саволларга жавоб йўқ экан, дипломатик алоқаларнинг 20 йиллиги ҳақида гапириш масхарабозликдир.