17 November 2012
06:13 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Ҳукумат “Мустаҳкам оила йили” эълон қилди, аммо фожеаларга йўл очиб бериш амалиётидан воз кечмади
Ҳукумат қарори билан «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилинган жорий йилда қиш фасли тугаши биланоқ Самарқанд вилоятининг Тайлоқ, Ургут, Самарқанд ва бошқа туманларида қарздорлик баҳонасида газ қувурлари асосий магистраллардан бирин-кетин узиб ташланган эди. Не кўргиликки, хонадонларга табиий газ берилмаётган бўлсада, ногиронлар, ёш гўдаклар, кексаларнинг нафақаларидан, ўқитувчи, шифокор ва бошқа ишловчиларнинг маошларидан фойдаланилмаган газ учун ойма-ой ҳақ ушлаб қолинмоқда.

Ҳукуматнинг бундай пул ундириш усули фойдаланилмаган электр энергияси ва бошқа коммунал тўловлар учун ҳам қўлланилмоқда.

Майли эди ҳамма нарса фақат найрангбозлик билан битса. Минг афсуски, қиш келгандан кейин электрнинг тез-тез ўчиб туриши, газ тармоғидаги босимнинг жуда пастлиги туфайли турли фожиалар чиқмоқда. Мана мисоллар.

Иштихон туманининг Кубай ва Халқобод қишлоқларида бир ҳафта ичида иккита фожеа рўй берди. Қодир исмли йигит кечқурун уйига келса свет йўқ. Нима бўлдийкан, деб трансформатор ёнига боради, унинг ёнида яна 2-3 киши бўлган. Улар трансформаторни пичоқдан ажратишади. Лекин қоронғида пичоқнинг ажралмай қолганини кўрмай қолган Қодир симларни текшира бошлайди ва, натижада, ток уриб, жойида ҳалок бўлади.
50 ёшли Қодиржоннинг 4 нафар фарзанди етим бўлиб қолишди.

Яна бир воқеа. Нурали ва Олим деган икки қўшни газ масаласида анчадан бери жанжаллашиб юришар эканлар. Сабаби трубадан келаётгангаз камлиги туфайли одамлар уйларига тармоқдан газ сўрадиган насосчалар ўрнатишлари бўлган. Олимникида газ ёнса, Нуралиникида ёнмайди, Нуралиникида ёнса, Олимникида ёнмайди. Шундай жанжаллардан бирида Нурали ўғиллари билан қўшниси Олимни калтаклайди, Олим эса Нуралининг қорнига пичоқ санчади. Натижада, Нурали икки кун касалхонада ётиб ҳаётдан кўз юмади.

Мана шунақанги гаплар.

Бундай воқеаларнинг барчасига сабаб ўша ижтимоий муаммоларимиздир: газ, свет… Агар бу муаммолар ҳал қилинмас экан, бундай нохуш воқеалар давом этаверади.

Жалолиддин,
Эгамқул Худойберди

Самарқанд
2012 йил ноябр