1612 йилнинг Юлиан календари бўйича 22 октябрь, ҳозирги Григориан календари бўйича 4 ноябрь куни Минин ва Пожаркский раҳбарлигидаги халқ қўшинлари Москвани Польша босқинчиларидан озод қилишган, айнан шундай кейин, аниқроғи, 613 йил февралида Михаил Романов Россиянинг янги подишоҳи этиб сайланганди. 1917 йилдаги большевиклар қўзғолони Михаил Романовдан кейин бошланган сўнги Россия давлатчилигини расман йўқ қилган бўлса ҳам, аслида у турли номлар, хусусан, СССР номи билан, 1991 йилдан бошлаб Россия Федерацияси номи остида ҳаётини давом эттирмоқда.
Шу сабабли руслар учун 22 октябрь (4 ноябрь) рус давлатчилиги тарихидаги муҳим кун эканлиги шубҳасиз. Демак, 2004 йил 27 декабрда Россия Федерациясининг Давлат Думаси 4 ноябрни “Халқ бирлиги куни” деб эълон қилгани - руслар учун тарихий кунни хотирлаш ва рус миллатининг бирлигини сақлашга интилиш сифатида ғоят табиийдир.
Аммо, бундай байрамнинг киритилиши рус миллатчиларини яна ҳам радикалроқ ҳаракатларга рағбатлантириши ҳам аввалдан маълум эди. Ва айнан шундай бўлмоқда.
Бугун Москва ва бошқа шаҳарларда “Халқ бирлиги куни”ни нишонлаш мақсадида фашистлар ҳам ичида бўлган рус миллатчиларининг “Рус марши” номи остидаги намойишлари, “Халқ бирлиги куни” доирасида Пушкин майдонида ўтказилган митингда нутқ сўзлаган Владимир Жириновский “Биз юртимизни полякча, шведча ва туркча гаплашадиганлар юртига айланишидан қутқарганмиз. Чет элдан ишчилар келишига эҳтиёжимиз йўқ, уларни тўхтатиш керак” дейишгача боргани бунинг исботларидир. Ҳозирги Россия ҳукмдорлари ва ҳатто Рус православ черкови бу ҳаракатларни қўллаб-қувватлаётганлари ҳам ҳисобга олиниши керак бўлган ҳақиқатдир.
Бундай ҳаракатларни оқлаб бўлмайди, аммо кун тартибига Россия Федерациясининг тарқалиб кетиш, руслар бир маҳаллар босиб олган, аммо ҳозир ўзларининг тарихий ерлари деб ҳисоблашаётган ҳудудлардан айрилиш масаласи келаётган даврда рус миллатчилиги кескин юксалишини кутиш керак. Бундан ҳам муҳими, атрофдаги миллатлар, жумладан, ўзбеклар ҳам бу ҳақиқатга тайёр бўлишлари, Росси ва русларга нисбатан олиб бориладиган тактика ва стратегияларини яратишда бу факторни ҳисобга олишлари шарт. Табиий, тактика ва стратегияларнинг асосида рус халқи билан дўстлик ғояси ётади, аммо рус миллатчилигини бу нарса қизиқтрмайди, улар дўстликни эмас, бировлар устидан ҳукмронлик қилишни ўйлашади.
Бу осон иш эмас. Аммо ундан қочиб бўлмайди. “Бирлик” Партияси Ўзбекистон ҳукумати таркибида чет элда яшайдиган ватандошларнинг муаммолари билан шуғулланадиган вазирлик яратишни таклиф қилганда, шу факторни ҳам ҳисобга олган. Ислом Карим ҳукумати ўзини бу таклифни кўрмаётгандек қилиб кўрсатиши – миллат олдидаги жиноятдир.
Ўзбеклар келажакда ҳозирги Россия Федерацияси ҳудудларида энг катта ва нуфусли диаспорага, демак, рус миллатчилигининг асосий нишонларидан бирига айланадилар. Бунга тайёр бўлиш керак, бу анчагина мураккаб жараён бўлади. Қирғизистонда ўзбекларнинг тирклайин ёқилишига кўз юмган Ислом Карим режимидан ёрдам кутишнинг ўзи ақлсизлик бўлади. Ёрдамни фақат “Бирлик”дан кутиш, тезроқ унинг ҳокимиятга келиши учун ёрдамчи бўлиш керак.
Биз қирғизистонлик ўзбекларни қонли воқеалардан икки ойча аввал огоҳлантирган бўлсак ҳам, ўз чўнтагидан бошқа ҳеч нарсани ўйламайдиган ўзбек жамоасининг псевдо-лидерлари бунга эътибор беришмади, натижада Ўзбекни қонига ботирдилар. Россиядаги ўзбеклар ақллироқ бўладилар, деб умид қиламиз.