04 November 2012
13:39 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Тақвосиз қалбда ҳидоят бўлмайди ёхуд «Ўзбекистон халқ ҳаракати»нинг сохта ниқоби
Рамазон ислом оламида маҳфират ва шафоатли ой деб тан олинган. Рамазони шариф тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга, бу ойда гуноҳлар мағфират этилиб, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топади, қилинган хайрли ишлар савоби бир неча бор зиёда қилинган ҳолда қабул қилинади. Рўза инсонни ҳалол-покликка, сабирли бўлишга даъват этади, унинг қалбини турли ғуборлардан тозалайди.

Рўзанинг мукаммал бўлиши учун рўзадор ёлғон сўзлаш, иғво ва бўҳтон қилиш, нолойиқ сўзлар билан ўзгалар дилини оғритиш каби иллатлардан ўзини сақлаши лозим. Имом Бухорий ҳазратлари ривоят этган ҳадиси шарифда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки ёлғон, бўҳтон сўзни ва унга амал этишни тарк этмаса, унинг емай-ичмай тутган рўзасига Аллоҳнинг ҳожати йўқ», дея марҳамат қилдилар». Минг афсуски, ана шундай саодатли ойда ҳам ўзининг ғаразли ниятларини ислом ниқоби остида жойлаган айрим «ҳаракат»лар асло тинч туриша олмади. Турли оммавий ахборот воситалари ва Интернетда Ўзбекистон ҳақида асосланмаган, уйдирма ва бўҳтонларга тўла ахборот ва маълумотлар тарқатилди. «Ўзбекистон халқ ҳаракати» ҳам ана шулардан биридир.

Ҳаракат томонидан тарқалган ахборотларни кўриб энсангиз қотиши аниқ. Уларнинг мақсади нима ўзи? Ўзбекистонни халқаро миқёсда обрўсизлантиришми ёки бировнинг ноғорасига ўйнашми? «Марказий Осиё темир йўллари ҳақида» мақола ана шундай бўҳтонларнинг бирига мисолдир. Унда таъкидланишича, «Бекобод ва Конибодом орқали Қўқон темир йўлини Имомали Раҳмонов билан келишолмагани учун ёпилиб, Қамчиқ довони реконструкция ишлари бошлаб юборилди». Ахир бугун Тожикистондаги вазиятни барча ўз кўзи билан кўриб турибди-ку? Юкларни темир йўл орқали Фарғона водийсига олиб ўтиш учун Ўзбекистон катта миқдорда валюта сарф этмоқда. Қамчиқ довони эса бунда жуда ҳам қулай. Яна бир эътиборли жиҳати, хавфсизлик масаласи бунда муҳим ўрин эгаллайди. Шу боис Ўзбекистон ҳукумати бу позициясини доимо олға сураверади. Яқин йилларда Қамчиқ довонида темир йўллари бунёд этилса, панада туриб тош отаётганлар не куйга тушар экан?!

Мазкур ҳаракатнинг Инсон ҳуқуқлари бўлими томонидан «Ўзбекистон қамоқхоналарида ётган муслима опа-сингилларга» йўллаган хатининг асл мақсадини тушуниш жуда қийин. Хорижда туриб, мамлакатимизда бўлаётган ишларни қандай баҳолаш мумкин ахир. Мақолада айтилишича, Қуръони Карим ва суннат илмини ўрганганликлари учун аёллар қийноққа солинаётган эмиш. Ахир шундай ёлғонларни тарқатаётганлар бироз ўйлаб кўрмадимиканлар? Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб, дин ва виждон эркинлигини таъминлаш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилди. Барча эмин-эркин ўз эътиқодларини бажармоқда. Айниқса, хотин-қизларни жамиятда нуфузини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш кабилар Ўзбекистон сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳатто қамоқхонадаги маҳбус хотин-қизлар учун ҳам етарли шароит яратилган. Ҳаракат эса Дубайда яшаётган бир аёлнинг фикрларига ўзича «асосланиб», Ўзбекистонга нисбатан уйдирмалар уюштирмоқда.

Мағфират ойида меҳр-мурувват, саховат, олиҳимматлик кўпроқ қилинади, гина-кудуратли инсонлар ҳам бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Биламизки, кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Аммо шундай ойда гуноҳ қилиб, бўҳтонлар тарқатганларга нима дейиш мумкин. Оллоҳнинг ўзи инсоф берсин. Ахир тақвосиз қалбга ҳидоят солиб бўладими?!

Абдушукур Мирхожиев

“Ҳаракат” таҳририятидан: «Ўзбекистон халқ ҳаракати» номли масхарабозлар тўгарагининг Интернетда сайти борлиги ва Абдушукур Мирхожиев каби уни ўқийдиган одам топилгани ростдан ҳам кулгили нарса. Чунки, бир маҳаллар “Бирлик” халқ ҳаракатини Ислом Каримга сотиб, бунинг эвазига мукофотлар, масалан 53-54 сонли квартиралар, олган хоин Салай Мадамин раҳбарлигидаги ҳаромийлар ҳозирги Ўзбекистон режимини мустаҳкамланишида катта роль ўйнаганлари ҳозир ҳаммага маълум. Мусулмон аёллар Қуръони Карим ва суннат илмини ўрганганликлари учун қийноққа солинаётган бўлса, бунга ўша ҳаромийлар ҳам айбдор. Улар миллатни ҳам, умматни ҳам, хотин, бола-чақасини ҳам сотишга тайёр одамлар. Шундай экан, бундайларнинг сайтини биронта ақли расо Ўзбек ўқимаслиги ўз-ўзидан маълум.

Дубайда яшаётган бир аёл шу ҳаромийлар билан ҳамкорлик қилаётган бўлса, у ҳам ўшалардан узоққа кетмаган одам бўлса керак.

Кўринишидан, Абдушукур Мирхожиев мавжуд режим тарафдори, демак, «Ўзбекистон халқ ҳаракати» аъзолари унинг собиқ сафдошлари. Қарға қарғанинг кўзини сафдошлик собиқликка айлангандан кейин чўқир экан-да!