05 November 2012
01:21 -
Туркияда миллиётчилар партиясининг қурултойи лидерини ўзгартирмади

Сайловда қатнашган уч номзод ичида энг кўп овоз (725) олган ҳозирги раис Давлат Боғчали яна раисликка сайланди. Иккинчи ўринда қоган Қорай Ойдин 442, учинчи номзод Мусават Дервишўғли 48 овоз олди.
Бу партия 1965 йилда қурилгандан бери унга тўхтовсиз раислик қилган машҳур Алпарслон Туркеш 1997 йили вафот этгандан кейин қисқа бир вақт бошқа одам раис бўлганини ҳисобга олмасак, аслида ўшандан бери Давлат Боғчали партияга раислик қилади. Бугун у раисликка 6-чи марта сайланди.
У бугунги нутқида ҳокимиятдаги исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси ва унинг раиси, Бош вазир Ражаб Эрдўғонга тегадиган қуйидаги сўзларни айтгани қизиқ: “АТПни жомеларда олқишлашсин, бизга халқнинг дуоси етар! 2023 йил АТПники эмас, бизники бўлар! Бош вазирнинг 2071 (Туркия давлатининг 1000 йиллиги назарда тутлмоқда – Ҳаракат) йилга мўлжаланган мақсадарида Турк тушунчаси йўқ, Турк ватани йўқ”.
Яъни Давлат Боғчали очиқча бўлмаса ҳам “Бош вазир миллатни эмас, умматни ўйлайди” деган маънода гапирган.