05 October 2012
05:55 - Хабарчиликда фақат махарабозлик эмас, калтафҳмлик ҳам бор: Киши бошига банкларнинг бўлимлари сони бўйича АҚШдан ошдик
Ўзбекистонда бўлатуриб, ўзбекчада хабарчилик билан шуғуланиш лозимлигини тушунмайдиган uzdaily.uz сайти тарқатган хабарда киши бошига тўғри келадиган банкларнинг бўлимлари бўйича Ўзбекистон қўшнимиларимизни қўйиб туринг, АҚШ дан ҳам ошиб кетганини ғурур билан эълон қилибди.

Нима эмиш, бизда ҳар 100 минг кишига банкларнинг 47,72 бўлими тўғри келар экан, ваҳоланки, Қирғизистонда 7,72, Тожикистонда 6,67 ва Қозоғистонда 3,38 эмиш. Буларни қўяверинг, 100 минг кишига бор-йўғи 35,43 банк бўлими бўлган АҚШ ва 37,09 бўлимга эга бўлган Россиядан ҳам олдиндамиз. Яшасин, Ислом Карим раҳнамолигида шундай улуғ кўрсатгичларга етишган банкчилик тизимимиз!

Лекин, битта сирни айтиш лозим деб ҳисоблаймиз, буни зинҳор ҳеч кимга айтманг. Ўша uzdaily.uz сайтининг калтафаҳм журналистларига ҳам. Сир шундаки, Интернет кенг тарқалиши муносабати билан ривожланган мамлактларда почта бўлимлари камайишга бошлади, одамлар турли пул жўнатиш ва пул тўловларини онлайн режимда қилишаётгани туфайли эса, банк бўлимларининг сони ҳам кескин камайишга бошлайди. Биз банк бўлимлари сони бўйича олдинда эканлигимиз эса, яна бир сирни очиб қўймоқда. Интернетга боғланиш имконияти нуқтаи назардан ҳаммадан орқадамиз, демак, банк бўлимларига югуришга мажбурмиз.

Ҳа, айтгандай, банкоматлар сони бўйича ҳаммадан орқада эканлигимз ёмондир. Чунки, Интернет йўли бўлмагач, ўзбеклар нақд пул олиш учун банкоматларга муҳтожлар. Айнан шу масалада, ростдан ҳам орқадалигимиз ачинарлидир.

Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишига 4,54 банкомат бўлса, Қозоғистонда 65,8, Қирғизистонда 12,07, Тожикистонда 7,68 , Россияда 152,4 банкомат бор экан.

Хуллас, шунақа, хабарчиликда масхарабозлик билан бир қатордда калтафаҳмлик касалимиз ҳам бор.

Дарвоқе, аҳолига хизмат кўрсатиш ва молиявий рақобатчилик нуқтаи назаридан банкларнинг сони жуда муҳим. Масалан, АҚШда 7475, Россияда 1210, Қозоғистонда 40, Ўзбекистонда 32 тагина банк бор. Аҳолимиз Қозоғистондан сал кам 2 баравар кўп эканлигини ҳисобга олсак, бу ерда ҳам қозоқлардан икки мартадан кўпроқ орқадамиз.