02 October 2012
04:16 - Гуржистонда парламент сайловларида 61% сайловчи қатнашди, ҳукумат-мухолифат баравар кетмоқда
Ҳали сайловларнинг расмий натижалари эълон қилинмади. Аммо экзит-полларнинг натижалари ҳам ишонадиган даражада эмас. Масалан, америкаликларнинг "Эдисон Рисерч" комапанияси мухолифатдаги Путиннинг қўғирчоғи - “Гуржилар орзуси" коалицияси 51%, ҳокимиятдаги “Бирлашган Миллий Ҳаракат” 41% овоз олганини айтса, мухолифатга яқинлиги маълум бўлган "Сайловчилари Лигаси”га кўра, “Гуржилар орзуси" - 70,24%, “Умуммиллий Ҳаракат” бор-йўғи 24,66% овоз олган.

Бундан ҳам муҳим хабар шундан иборатки, Президент Михаил Саакашвили сайловларнинг битиши муносабати билан халққа мурожаат қилиб, пропорционал система (партиялар кўйхати) бўйича “Гуржилар орзуси", мажоритар округларда эса “Умуммиллий Ҳаракат” олдинда эканлигини, умумий натижа бўйича “Миллий Ҳаракат” ғалаба қозонишига ишонишини гапирди.

Афтидан, қайси тараф ютса ҳам, уларнинг орасидаги фарқ катта бўлмайди. Аммо, Гуржистон ҳудудларини босиб олиб турган Россиянинг одами Бидзина Иванишвили раҳбарлигидаги коалиция бунчалик кўп овоз олиши, Михаил Саакашвилининг Гуржистон сотилмайди, сотқинлар маргиналлашмоқда, деган гаплари унчалик тўғри бўлиб чиқмаганини кўрсатади. Кўриниб турибдики, ҳали гуржиларни сотиб олиш мумин.

Яқинда гуржилар буни тушунишади, лекин яна вақт йўқотишади.

Икки лидер - Михаил Саакашвили ва Бидзина Иванишвили, ўзбекчасига айтсак, гина-кудратни унутишга чақиришаётгани ҳам яхшилик аломати, аммо ундай бўлиши қийин.