01 August 2012
13:17 - Ислом Каримнинг “Бирлик”га жавоби: Юрт ташқарисида ўзбеклар қирилса ҳам, биз аралашмаймиз

Олий Мажлиснинг Қонунчилик Палатасида кеча эрталаб “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани ҳақида ҳалигача давлатнинг расмий ахборот воситаси бўлган ЎзА хабар бермади. Қонунчилик Палатасининг сайтидаги узундан-узоқ, аммо умумий гаплардан иборат бўлган хабар ҳам йўқ бўлиб қолди.

Фақат 12news.uz сайтининг русча саҳифасида бу қонун қабул қилингани хабар қилинар экан, унинг 2 нуқтасига урғу берилади.

Биринчидан, Қонунда Ўзбекистон қўшни мамлакатлардаги қуролли конфликт ва таранглик ўчоқларига аралашиб қолишнинг олдини олиш учун сиёсий, иқтисодий ва бошқа керакли тадбирлар олиши айтилган.


Иккинчидан, Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат олиб боради ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди ва давлатлараро уюшмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланса, ундан чиқиш ҳаққини сақлаб қолиши ҳам қонунда айтилган.

Кеча қабул қилинган қонунга иккинчи тезиснинг киритилиши – Ислом Карим Туркманбошининг йўлидан кетишга бошлаганини кўрсатади. Ўз вақтида Туркманбоши ҳам ўз мамлакатини нейтраль деб эълон қилиб, ҳеч ким билан ҳеч қандай альянсга кирмаслик каби аҳмоқона шиорни кўтарган эди.

Давлат ва миллат манфаатлари жуда кўп ҳолларда турли блокларга киришни тақазо қилади.Демак, Ўзбекистонда қабул қилинган қонун миллатнинг зарарига ишлаши муқарар. Биринчи имкон бўлиши билан, у бекор қилиниши керак.

Қонунга юқоридаги тезислардан иккинчисининг киритилиши эса, Ислом Каримнинг «Бирлик»га жавобидир.

Маълумки, 2 йил аввал Қирғизистон жанубида бир ховуч қирғиз фашистлари Вақтли ҳукумат ва давлатнинг қуролли струтуралари ёрдамида, қолаверса, бутун қирғиз миллатининг жим кузатуви остида ўзбекларни тириклайин ёққанларида “Бирлик” Партияси у ерга Ўзбекистон армиясини олиб киришни таклиф қилганди.

Бунга қулоқ солмаган Ўзбекистон раҳбарияти ҳозир Ўзбек миллатпарварлари тарафидан миллий хоинликда айбланмоқда, улар тириклигида жазоланиши, ўлиб кетгандан кейин ҳам уларнинг қабрлари Ўзбек тупроқларидан отилиши кераклиги айтилмоқда.

Бу таҳдидлардан ўзини қутқариш учун Ислом Карим янги қонун қабул қилиб, Ўзбекистон қўшни мамлакатлардаги қуролли конфликтларга аралашмаслигини қонунлаштириб олмоқда. Аммо, қўшни мамлакатларда ўзбеклар қирғин қилинишига кўз юмишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Янги қонун билан ҳам. Қолаверса, бу қонуннинг 2 йил аввалги воқеаларга алоқаси бўлмайди. Чунки, қонунлар орқага иишламайди.

Нима бўлганда ҳам, бу қонун иложи борича тезроқ бекор қилиниши керак. Акс ҳолда, у қирғиз фашистларини рағбатлантиришга хизмат қилади.