01 August 2012
12:36 - Немислар билан биргаликда юк автомобиллари ишлаб чиқариш бошланди
Самарқандда “JV MAN Auto-Uzbekistan” қўшма корхонаси MAN катта юк автотранспорт воситалари ишлаб чиқариш заводининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дейилади ЎзАнинг хабарида.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ва Германиянинг “MAN Truck & Bus AG” компанияси, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов ва Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев ҳам шу ерда ҳозир бўлишди.

Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида 2009 йил август ойида ташкил этилган “JV MAN Auto-Uzbekistan” қўшма корхонаси “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ва дунёга машҳур “MAN Truck & Bus AG” компанияси ҳамкорлиги маҳсулидир. Мазкур қўшма корхона фаолияти Самарқанд автомобил заводи ҳудудида MAN автомобилларини ишлаб чиқариш билан бошланган эди.

MAN автомобилларини ишлаб чиқарувчи янги завод мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи бўлиб, у бир йилда 5 мингта юк машинаси ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонанинг иккинчи йиғув линияси ишга тушгач, бу ерда 10 мингтагача автомобил ишлаб чиқариш имконияти яратилади.