24 July 2012
07:29 - Ифторлик ҳам сиёсат, масалан, Туркияда
Бу мамлакатда ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тикланиш Партияси кеча чет элларнинг элчилари ва Туркияда ваколатхонаси бўлган халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари учун партиянинг Анқарадаги бош қароргоҳида анъанавий ифторлик берди. Одатда бундай ифторликларга фақат мусулмонлар эмас, ҳамма элчилар ва миссияларнинг раҳбарлари чақирилади. Туркия ахборот воситаларининг хабарида кечаги ифторликка кимлар келгани санаб ўтилмаган, аммо Сурия ва Исроил элчилари келмагани алоҳида урғуланган. Маълумки, Туркия бу икки мамлакат билан сал кам совуқ уруш ичида.

Ифторликда нутқ сўзлаган, ҳа, хабарларда айтилишича, айнан нутқ сўзлаган Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон Туркиянинг ташқи сиёсати, ҳамма мамлакатлар билан яхши муносабатда бўлиш ниятлари ҳақида гапирган ва Сурия билан алоқаларга алохида тўхталган.

Биз, дебди у, Африкада бошланган жараёнлар Сурияга етиб келгач, унинг раҳбариятини ўз вақтида огоҳлантирдик, аммо бизга қулоқ солишмади. Ҳатто нейтраль худудларда бир учоғимизни уриб туширишди. Биз ҳам энди кескин қадамлар қиламиз, уларнинг қилган ишга яраша жавоб берамиз.

Баъзи турк газеталари Ражаб Эрдўғоннинг бу каби анчагина юмшоқ сўзларини ҳам «Бош вазирнинг оғзидан олов пишқирди» деб таҳлил қилдилар. Балки, ростдан ҳам, Туркия Сурияга қарши уруш бошлар, балки, уруш Рамазон ойида бошланар, билмадик, аммо, бундай «пишқириш»дан кейин Туркия ростакам тиш кўрсатмаса, обрўси яна ҳам тушади.

Расмни каттайтириш учун курсор билан босинг.