24 July 2012
01:16 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Жаҳолат қурбонлари ёхуд жаннат излаб жаҳаннамга равона бўлганлар
Ҳаёт инсонга бир маротаба берилади. Мана шу ўзига берилган ҳаётда умрини савоб ишларга бағишлаб, одамларга кўлидан келганча яхшилик килиш билан ўтказган инсонгина у дунёда ҳам саодатга эришиши, жаннатга тушиши шубҳ;асиз.
Қуръони каримда ҳам жаннатга кандай амаллар билан эришиш мумкинлиги очик ойдин кўрсатилган бўлиб, жумладан, Оли имрон сурасида бу ҳақда шундай дейилган: «Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб кўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз! (У тақводор зотлар) яхши ёмон кунларда инфок-эхсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир».
Бироқ ўзларини мусулмон сановчи айрим кимсалар ҳам борки, улар диний саводсизлиги, Қуръон сураларини нотўғри талқин килишлари туфайли жаннатга эришишнинг осонгина йўлини танлаб ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм килмокдалар.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати номи остида бирлашиб талончилик, бузғунчилик билан шуғулланаётган кимсалар хам шулар тоифасидан. Улар террористик ҳаракатларини, қотилликларини Аллоҳ номи билан Ислом дини никоби остида содир қилмокдалар.

Аммо, ўзларини мусулмон лашкарлари дея атаётган бу кимсаларнинг жиҳод баҳонасида мусулмон биродарларини ўлдираётганини, тинч аҳолини қирғин қилаётганини кандай тушуниш мумкин?

Якинда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати интернет сайтида 2011 йилда содир этилган мана шундай қирғинбаротларда «шаҳид» кетганлар рўйхати ҳамда уларнинг таржимаи ҳоли битилган мақола эълон қилинди.

Мақолада бу бандалар дин йўлида жиҳод майдонига чикканлиги, шу йўлда шаҳид бўлганлиги айтилган. Тўғри, Қуръонда дин йўлида жиҳод килиш, бу йўлда шаҳид кетганлар эса жаннатга тушиши тўғрисидаги оятлар ҳам бор. Бироқ бу оятлар пайғамбаримизга қайси давр ва қандай вазиятда нозил бўлганлигини, ўша давр билан ҳозирги шароит орасида осмон билан ерча фарқ борлигини тушуниб етиш лозим. Ана шундагина маданият, илм-фан, техника ривожланган, ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиши мумкин бўлган, диний эркинлик ҳукм сураётган пайтда жиҳод қилиш аҳмоқликдан бошқа нарса эмаслигини англаш мумкин.

Исломий ҳаракатчилар бугунги кунда бировнинг бошида қилич ўйнатиб, унга ислом динини кабул қилдириш мумкиндир, аммо уларнинг қалбига қурол билан иймон нурини жойлаб бўладими? Қолаверса, исломий ҳаракат аъзолари ўзларининг террористик ҳаракатларини, котилликларини, портлатишлар-у, талон- тарожликларини «жиҳод» дея даъво қилишлари тўғримикин?

Исломнинг дастлабки даврларида Аллоҳ таоло мушриклар билан ақийдавий тортишув қилиб турган ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳисаломга Фуркон сурасида куйидаги хитобни қилади: «Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!»

Шундан ҳам кўриниб турибдики, Исломда жиҳод маъноси аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган ва Қуръон, яъни унинг одамларни иймон-эътиқодга, эзгуликка чорловчи оятлари билан катта жиҳод қилинган.

Ислом ниқоби остида террористик актларни содир қилаётган, бегуноҳ инсонлар ҳаётига зомин бўлаётган ва бу килмишларини жиҳод сўзи билан оклаётган исломий ҳаракат аъзоларининг нияти асло исломни тарғиб қилиш, шу орқали у дунёда жаннатга, яратганннинг жамолига етиш эмас. Аксинча, уларнинг нияти бу дунёда ўз ҳукмронлигини ўрнатиш, одамларни кўркувда, саросимада ушлаб туриш, бегуноҳ инсонларнинг қонини оқизиб ундан лаззатланишдир. Бу йўлда улар ҳеч нарсадан қайтмаяптилар. Ёш-ёш йигитларнинг миясини диний ақидалар билан заҳарлаб, уларга жаннатни ваъда қилиб охир-оқибат жаҳаннамга жўнатмокдалар. Буни эса уларнинг қурбонлар сони билан мақтаниб ёзган мақоласидаги жумлаларидан ҳам англаса бўлади: «Биз Аллоҳ йўлида қанча кўп шаҳид берсак, бизга шунча кўп иззат ва нусрат берилади. Мусулмонлар иззатли кунларни кўришни истаса, ҳали кўпдан кўп қон беришлари керакдир»

Хўш, «шунча кўп иззат ва нусрат» кимга берилаяпти? Шаҳид бўлганларгами ёки уларни жиҳодга чорлаб жаҳаннамга жўнатётганларгами? Қурбонлар-у, шаҳидлар сони билан мақтаниб уни намойишкорона эълон қилаётганларнинг ўзлари нима учун жиҳодга чиқмаяптилар? Нима учун жонларини қурбон қилиб, ҳаққа етишга интилмаяптилар?

Йўк, исломий ҳаракат етакчилари асло бундай қилмайдилар. Жиҳоднинг уруш эмаслиги, унинг даври ўтганлиги, жаннатга етишиш учн жонни қурбон қилиш шарт эмаслигини жуда яхши тушунишади. Аммо қонсираган бу бандалар яна кўпроқ қон тўкиш, ундан лаззатланиш учун янги қурбонлар: ёш-ёш йигитларни жиҳодга чорлайверишади.

Ачинарлиси шундаки, улар Аллоҳ буюрганидек кофирларга қарши Қуръон билан, яъни унинг  эзгуликка йўғрилган оятларини тарғиб қилиб катта жиҳод килиш ўрнига мусулмонларга карши қурол кўтариб, бегуноҳ мўминларни ўлдирмоқдалар. Улар Афғонистон ва Покистон Ислом давлатларида жиҳод амалётларини олиб бориб мана шу давлатлар миллий армиясида хизмат килаётган бегуноҳ мўмин мусулмонларнинг қонини тўкмокдалар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расуллуллоҳ: «Агар икки мусулмон бир-бирига қилич билан ҳамла килса, иккови ҳам дўзахи бўлғайдур!» деганлар.

Шундай экан, исломий ҳаракат етакчиларининг аврашларига учиб жиҳодга чиққан, мусулмон биродарларига қарши қурол кўтариб бу йўлда ўзининг ҳам, бошка мўминларнинг ҳам умрига зомин бўлган ҳаракат аъзолари жаннатга эмас, тўғри жаҳаннамга равона бўлгани аник!

Жаббор Алиев
 “Ҳаракат” таҳририятидан: Муаллифнинг ҳамма фикрларигша қўшилиш қийин. Аммо, мақолада мутлақо тўғри фикрлар жуда кўп. Улар ўқувчиларимиз учун фойдали бўлиши муқаррар. Муаллиф билан бахс қилиш истагидагилар учун саҳифамиз доимо очиқ.