14 July 2012
16:21 - Ўзбекистон ғаллакорлари пахта планини бажарди, Компартиянинг биринчи секретари уларни табриклади
ЎзАнинг Совет йилларини эслатадиган кечаги хабарида табиий “план” эмас, “мажбурият” сўзи ишлатилади, ғаллакорларни табриклаган одам ҳам Компартиянинг биринчи секретари эмас, собиқ Биринчи секретари Ислом Каримдир. Хабарда уни Президент деб танитишган.

Лекин, бу сўз ўйинларини ҳисобга олмасак, Ислом Каримнинг Ўзбекистон ғаллакорларига 7 миллион тоннадан кўпроқ ғалла етиштирилиши муносабати билан юборган табрикномасининг Совет йилларидаги табрикномалардан фарқи йўқ. Қолверса, гап табрикномалрнинг бир хилда эканлигида ҳам эмас, деҳқонлар ҳали ҳам у ёки бу маҳсулот етиштириш мажбуриятида остида яшаётганларида.

Ваҳоланки, Ўзбекистон деҳқонлари ўзлари учун нима фойдали бўлса, ўша нарсани етиштиришлари керак. Масалан, деҳқонлар учун ғалла эмас, мева ёки сабзавот етиштириб, Россияда сотиш фойдалироқ бўлса, айнан шундай қилишлари керак.

Агар, Ўзбекистонга қанчадир тонна ғалла жуда керак бўлса, Ўзбекистон ҳукумати деҳқонларга иқтисодий афзалликлар (преференциялар) бериб, уларга ғалла етиштиришни фойдали қилиб қўйиши керак. Тамом вассалом.

Ислом Карим эса, ўзининг “Янги ўй қурмасдан эсмкисини бузма” деган аҳмоқона шиори остида Ўзбекистонни ҳали ҳам маъмурий-буйруқбозлик системаси остида ушлаб туриб, давлатнинг оёғига болта урмоқда.