06 July 2012
02:43 - Туркия Франция билан алоқаларини тузатиш йўлида
Маълумки, Франция парламентининг иккала палатаси - Миллий Мажлис ўтган йили 22 декабрда, Сенат бу йилнинг 23 январида - арманилар қатлиом/геноцид қилинганини инкор этиш жинoятдир, деган маънодаги қонунни тасдиқлагандан кейин, Туркия-Франция муносабатлари ўта ёмонлашган эди. Шундан кейин Туркия оммавий воситаларида Франциянинг адресига жудда қаттиқ таъна тошлари отилди, Франциянинг ўша пайтдаги президенти Николя Саркозининг отаси яҳудий эканлиги ҳам эсланди. Буни Бош вазир Ражаб Эрдўғон ҳам тилга олди ва қабул қилинган қонун “биз учун йўқдир” деди. Туркия Францияга қарши бир қатор унча муҳим бўлмаган санкциялар ҳам киритди.

Амммо, 28 февралда Франциянинг Конституцион Суди Сенатнинг 77 ва Миллий Мажлиснинг 65 аъзоси берган аризани қондириб, арманилар қатлиомига оид қонунни Франция Конституцияга зид деб топди. Бунинг устига, 7 мaйда ўтказилган президент сайловида ўша қонуннинг ташаббусчи бўлган армани лоббисининг тарафдори деб ҳисобланаётган Николя Саркози Социалистик Партиянинг лидери Франсуа Олландга ютқазди ва президентликдан кетди.

Бундай шароитда Туркия Франция билан алоқаларини тузатиш йўлига ўтди. Бугун Парижга келган Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Давудўғли Францияга қарши киритилган санкциялар бекор қилинганини билдирди.

Хуллас, бу босқичда армани лоббиси ғалаба қозонолмади. Лекин, бу масаладаги кураш ҳали битгани йўқ, ҳали-бери битмайди ҳам.