05 July 2012
23:44 - Ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳабибулла Оқпўлатов муддатидан аввал озод қилинди (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 22, 05.07.2012)
4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/45-муассаса (Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри)да жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг собиқ фаоли Ҳабибулла Оқпўлатов озодликка чиқарилди. Маълумотларга кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси кеча кечқурун уйига етиб келди. Унинг соғлиғи қониқарли, кайфияти яхши. Ўғли Йўлдошнинг таъкидича, Ҳабибулла Оқпўлатов муддатидан аввал шартли равишда озод қилинган.

62 яшар Ҳабибулла Оқпўлатов 2005 йилнинг 4 июнида Самарқанд вилояти Иштихон тумани ИИБ томонидан ҳибсга олинган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси (Туҳмат), 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 165-моддаси (Товламачилик), 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 216-моддаси ( Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) билан айбланиб, 2005 йилнинг 18 ноябрида 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2010 йилда эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабини бажармаслик) билан яна 3 йил муддат қўшиб берилган.

Ҳабиббулла Оқпўлатов, Саттор Ирзаев ҳамда Норбой Холжигитовларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши материалларига кўра, гўё бу шахслар 2005 йилнинг июнида Самарқанд вилояти Иштихон тумани Бобур жамоа хўжалигида 800 дан ортиқ кишиларни тўплаб, норозилик намойиши ўтказган. Шунингдек, йиғинда Президент шахсига тажоқуз ҳисобланган чақириқлар, материаллар тарқатган. Ўзлари ишлаётган мактаб маъмуриятига таъмагирлик қилишган. Учала ҳуқуқ ҳимоячиси 4 июнда ҳибсга олингач, 22 июнь куни Ўзбекистон телевидниесининг “Ёшлар” телеканали орқали намойиш этилган "Ҳимоячими ёки товламачи" номли махсус кўрсатувда уларнинг шахси бадном қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳабибулла Оқпўлатов билан бирга озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячилари Саттор Ирзаев ҳамда Норбой Холжигитов (бундан аввалроқ – Ҳаракат) муддатидан аввал озодликка чиқарилган эди.