05 July 2012
12:05 - Тошкентда Ислом Каримнинг тўйларни кичкинароқ қилиб ўтказиш бўйруғини амалга оширадиган жамоатчилик кенгашлари тузилди
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солишга оид қарор қабул қилганини ҳақида аввал хабар берган эдик. Ўша қарор аслида қарор ҳам эмас, бажарилиши мажбурий бўлмаган таклифлар мажмуаси эди.

Маълумки, Ўзбекистонда қарор-қонунлар эмас, Президент Ислом Каримнинг истаклари тезроқ амалга оширилади. Бу шахс нима учун Ўзбек халқи кичкинароқ тўйлар ўтказишини истаб қолганини тушуниш қийин. Чунки, халқ - мамлакат, миллат, жамият муаммоларини ўйлаш ўрнига тўй-тамошалар билан овора бўлсагина, Ислом Карим тахтида хоҳлаганча ўтиради-ку?

ЎзАнинг хабарига кўра, юқорида номи тилга олинган жамоатчилик кенгашлари Тошкент шаҳар ва барча туман ҳокимликларида, пойтахтдаги 476 маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритар экан.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор Фарида Абдураҳимова шундай дебди: “Яқинда Шайхонтоҳур туманидаги Жанггоҳ маҳалласи, Юнусобод туманидаги Матонат ва Мингўрик маҳаллаларида мазкур кенгаш тавсиялари асосида намунавий тўйлар ўтказилган. Қисқартирилган ёки ихчамлаштирилган маросимлардан, қаторлашган автомашина ва “бирровчи” хонандаларга кетадиган харажатлардан тежалган маблағ эвазига ёш оилага рўзғор буюмлари олиб берилган. Энг асосийси, буни кўпчилик тўғри тушунди, мамнуният билан қабул қилди.”

Тўғрисини айтса, дейди мухбиримиз, агар ўзбекларга ихчамроқ тўйлар ўтказиш анъанаси зўрлаб бўлса ҳам сингдирилса, бу - Ислом Каримнинг сиёсий карьераси даврида қилган бирдан-бир савобли иши бўларди.