21 June 2012
02:54 - Сирдарёда “Эзгулик” фаолларига босим: Жарима ва бекор қилинган адвокатлик лицензияси (“Эзгулик” жамиятининг прес-релизи, № 20, 20.06.2012)
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди кассация судлов ҳайъати томонидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаевни маъмурий ҳуқуқбузар деб топиш ҳамда жаримага тортиш ҳақидаги суд қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 40-моддаси (Туҳмат), 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ҳамда 239-моддаси (Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиш) билан айбли деб топилган ҳуқуқ ҳимоячиси энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги жарима билан жазоланди.

Исроил Ризаевга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш тафсилотларига кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими тегишли тартибда вилоят Алия бошқармасидан ҳисоб рўйхатидан ўтмай фаолият юритиб келган ва давлат ҳокимияти органларига йўллаган шикоятларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг шаънини камситувчи сўзлардан фойдаланган. Ҳолбуки, жамиятнинг Сирдарё вилояти бўлими рўйхатдан ўтган, аммо қайта рўйхатдан ўтказиш баҳонасида ҳисоб рўйхатига олинмай келаётир. Бу борада жамият Сирдарё вилояти Адлия бошқармасига 10 мартадан ортиқ расмий мурожаат қилган, аммо жўяли жавоб ололмай келаётир.

Шунингдек, вилоятдаги мавжуд қонунбузарликлар борасида давлат ҳокимияти органларига йўлланган шикоятларда туҳмат ва ҳақоратни ифодаловчи сўзлар мавжуд эмас, ҳатто суд бу масалада лексикологик ва адабиётшуносликка оид экспертиза ҳам тайинлаган эмас. Бундан ташқари ҳуқуқ ҳимоячиси Исроил Ризаевнинг турмуш ўртоғи Феруза Ризаевга нисбатан ҳам шу кунларда Сирдарё вилояти ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси (Безорилик) билан сохта жиноят иши қўзғатилган ва бу ишга ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзини ҳам тортишмоқчи.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилояти бўлими юрист-маслаҳатчиси, “Одил-ҳуқуқ” адвокатлик фирмаси адвокати Зайниддин Жўрабоевнинг ҳам тегишли лицензияси бекор қилинди. Жамият фаолиятига босимнинг узвий давоми бўлган бу ҳол бошқа ҳамкасбларни ҳам жунбушга келтирмокда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўзининг Сирдарёдаги фаолларига нисбатан амалга оширилаётган бу каби тазйиқларни кескин қоралайди ва юқори инстанция судларини адолатли тўхтамга келишга чақиради.

“Ҳаракат” таҳририятидан: Маълумки, Исроил Ризев “Бирлик” Партияси Сирдарё вилоят ташкилотининг ҳам раиси. Шубҳасиз, унга бўлаётган босимларнинг сабабларидан бири – “Бирлик” Партияси Ўзбекистон бўйлаб қайтадан тикланиш йўлида фаолият олиб бораётганидир.

Сайтимиз ўқувчиларига Исмоил Ризаевга солинган жаримани тўлашда ёрдам беринг деб мурожаат қилмоқчи ҳам эмасмиз. Чунки, сайтимизнинг ўқувчилари асосан ўзбеклар. Жарима тўлашда ёрдам бериш эса, ўзбекларнинг иши эмас. Ўзбеклар ош беради, ош ёйди, тўй қилади, миллат билан уларнинг нима иши бор.