17 June 2012
07:20 - Сурияга БМТ ҳам қўл силтадими?
БМТнинг Суриядаги кузатувчилар миссияси сўнги 10 кун ичида ортиб бораётган қон тўкилишлар қаршисида ожизлигини намойиш қилиб, ўз фаолиятини тўхтатганини билдирди. Ғарб агентликлари миссиянинг раҳбари, норвегиялик генерал Роберт Мудга асосланиб шундай хабар тарқатдилар.

Роберт Мурд ҳукумат ва мухолифат орасида қарама-қаршилик кучайиб бораётгани, тарафлар конфликтини тинч йўллар билан ҳал қилиш истагини ҳам кўрсатмаётганларини таъкидлабди. Миссия аъзолари ҳали уйларига қайтмасдан, БМТдан янги кўрсатмалар кутишмоқчи.

Маълумки, Сурияда фуқаролар уруши 2011 йилнинг март ойида бошланган. Шу вақт ичида 9 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, уларнинг 6 минги конфликтга алоқаси бўлмаган тинч фуқаролар. БМтнинг собиқ Бош Котиби Кофи Аннаннинг тинчлик режаси ишга тушган шу йилнинг 12 апрелидан кейин ўлганларнинг сони 3353 бўлибди.

Хуллас, Суриядаги инқилобни тўхтатиш мумкин эмаслиги кундан кунга равшан бўлиб бормоқда. Башар Асаднинг ағдарилиши билан тугайдиган сўнги давр бошланди, дейиш мумкин.