04 June 2012
12:53 - Паркентда диний сабаблар билан ўқитувчилар ишдан ҳайдалмоқда, фермерлар ҳибсга олинмоқда
Мустақил Ҳуқуқ ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳининг раҳбари Суръат Икромов бугун тарқатган хабарда айтилишича, Тошкент вилоятининг Паркент туманида бир қатор мактаб ва лицейларнинг 14 нафар ўқитувчиси мажбурий равишда “ўз ихтиёри” билан ишдан бўшатилган. Уларнинг 3 нафари аёллар. Сабаб – аёлларнинг эрлари, бошқаларнинг яқин қариндошлари диний сабаблар билан ёки қамалган ёки қидирувда. Маълумотлар ишончли манбалардан олингани алоҳида урғуланади.

1-чи сонли мактабнинг директори Абдуғафоров Тоҳир ва 5-чи сонли лицейнинг директори Орипов Отабек ваҳобийликда айбланиб ҳибсга олинган, уларга қарши тергов ишлари олиб борилмоқда. Баъзи фермерлар ҳам қамалгани айтилдади, аммо аниқ фактлар келтирилмайди.

Бу қама-қамашлар Паркент ички ишлар бошқармасининг бошлиғи Ҳусанов Шуҳратуллонинг буйруғи билан бўлаётгани ҳам таъкидланади.

Диний сабаблар билан таъқиб этилаётган одамларнинг аслида диний оқимларга қанчалик алоқаси борлиги хабарда айтилмайди. Ҳусанов Шуҳратулло уларни бошқа қиладиган иши қолмагани учун ишдан бўшатаётгани ёки қаматаётганига ҳам ишониш қийин.