04 June 2012
06:12 - Озорбайжон Халқ Фронти раҳбарлигидаги ҳокимиятга қарши ички исён бошланганига бугун 19 йил бўлди
Озорбайжон Халқ Фронти 1992 йил 15 майда оммавий намойишларнинг кучи билан ўша пайтдаги Президент Аёз Муталибовни Бокуда қочиб кетишига эришгач, аввал Миллий Мажлис номи остидаги парламент вазифасини бажарадиган феълан ноқонуний орган яратилди, 7 июнда ўтказилган президент сайловида Халқ Фронти лидери Абулфайз Элчибей ғалаба қозонди.

Аммо, Озорбайжон Халқ Фронти катта хато қилиб, дарҳол параламент сайловлари ўтказмади ва ноқонуний Миллий Мажлис парламент вазифасини бажаришни давом этди.

1993 йил 4 июнь куни Тоғли Қорабоғда армани кучлари билан уруш олиб бораётган Озорбойжан қўшинларининг бошлиғи, Озорбайжон Халқ Фронти фаоли Сурет Ҳусейнов мавжуд ҳукуматга қарши исён қилди ва Ҳайдар Алиевнинг ёрамида ғалаба қозонди. Элчибей Бокуни ташлаб, Нахичевандаги қишлоғига қочиб кетди.

Янги парламент сайланмаганидан фойдаланган эски парламент ҳокимиятни қўлга олди ва Ҳайдар Алиевни президент этиб тайинлади. Сурет Ҳусейнов Бош вазир лавозимига ўтирди. Август ойида ўтказилган референдумда Ҳайдар Алиевнинг президентлик ваколатлари тасдиқланди. Бир йил ҳам ўтмасдан, энди Ҳайдар Алиевга қарши исён қилишга уринган Суръат Ҳусейнов қамалди, кейин бутун умрга озодликдан маҳрум этилди, аммо бир неча йилдан кейин Илҳом Алиев томонидан авф этилди, озодликка чиқарилди.

Ўша кунлардан бери демократик мухолифат ичидан чиққан хоинларнинг қўли билан ҳокимиятга келган Алиевлар династияси Озорбайжонда ҳукмронлик қилмоқда.

Ўтган куни, яъни 2 июнь куни Бокуда Озорбайжон мухолифатининг “Жамоатчилик Палатаси” деб номланган коалицион ташкилоти 19 йил аввалги воқеаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. У ерда гапирган Озорбайжон Халқ Фронти Партиясининг раиси Али Каримли, 19 йил аввал Миллий Мажлис номидаги парламентинг раиси бўлган, ҳозир “Мусават” Партиясининг лидери Иса Қамбарли, Элчибей замонининг Бош вазири Паноҳ Ҳусейин ва бошқалар Халқ Фронтига қарши исён бўлганини, қилинган иш миллатга хоинлик эканлигини гапирсалар ҳам, хоинлар ўз ичларидан чиққанини тилга ҳам олмадилар. Яъни Алиевлар диктатурасининг бошланиши мухолифат ичидаги хоинлар ишининг натижаси эканини гапиришдан қочдилар, бу воқеаларда русларнинг қўли борлигига имо қилиш билан чекландилар.

Бу нарса Ўзбекистондаги воқеаларни ҳам эслашга мажбур қилади. Бизда ҳам мухолифатни парчалаб, Ислом Каримнинг лиқиллаб турган тахтини мустаҳкамлаб берганлар – мухолифат ичидан чиққан хоинлар эди. Булар – ҳозир 53-54 лақаби билан танилган Салой Мадамин, унинг ҳамтовоқлари Аҳмад Аъзам, Зоҳир Аълам, Усмон Азим, Дилором Исоқ, маълум вақт улар билан бирга бўлган Дадахон Ҳасан ва бошқалар.

Фақат “Бирлик” Партияси бу хоинларнинг исмини очиқча гапирмоқда ва жамият миллат хоинларини жазолашга, улардан тозаланишга ўрганмагунча қулликдан чиқиб бўлмаслигини гапирмоқда, хоинларни жазолаш механизмларини яратиш устида ишламоқда.

Озорбайжон мухолифатидагилар ҳам бу аксиомани қанча вақтли тушуниб етсалар, ўзларига шунча яхши бўлади. Акс ҳолда, Алиевлар династияси ҳали узоқ вақт тахтда ўтиради.