27 May 2012
17:41 - Гуржистон кеча мустақиллик кунини нишонлади, унинг парламенти Кутаисига кўчирилди
Бу мамлакат 1918 йил 26 майда Россиянинг вассали бўлган Кавказорти Демократик Федератив Руспубликасидан чиқиб, мустақиллигини эълон қилган эди. Бу мустақиллик узоққа бормасдан, Гуржистон куч билан СССРга киритилган ва 1991 йили у СССРдан чиққан бўлса ҳам, мустақиллик куни сифатида 26 май нишонланади.

Айнан кеча Гуржистонда Мустақиллик кунини нишонлашдан ҳам муҳим бўлган воқеа юз берди. Парламентнинг бир неча ой аввал Кутаисига кўчиш ҳақидаги қарори амалга оширилди, Кутаисидаги янги қурилган бинода Гуржистон парламенти иш бошлади.

Унинг биринчи мажлисида нутқ сўзлаган Президент Михаил Саакашвили “Парламентнинг Кутаисига кўчирилиши қонунчилик органининг сиёсий марказдан географик марказга ўтиши бўлди” деди.

Мамлакатнинг пойтахти Тбилиси бўлиб қолаверади, аммо парламент бундан буён Кутаисида ишлайди.