27 May 2012
07:50 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Ёмғирдан қочиб, “53-54”га тутилдик...
Ҳа, айнан шундай: ҳозирги аҳволимиз ёмғирдан пана қидириб, нафақат дўлга, балки бўрон-у довулга гирифтор бўлган одамнинг ҳолатини эслатади. Очиқ тан оладиган бўлсак, бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасдай. Шеригинг олақарға бўлса, титганинг гўнг бўлади, деган гап бежизга айтилмаган экан...

Аслида-ку, шундоғам юзимиз шувут, аллақачон ўз юртимизда шармандаи шармисорга айланиб улгургандик. Ўзимизча “қочоқ” мақомини олиб, хорижда гўёки “миллатпарвар муҳожир” сифатида кўкрак кериб юрибмиз-а... Бу жараёнда Америкасини ҳам кўрдик, демократия ғовлаган бошқа давлатларини ҳам...

Эндиликда англадикки, ўз юрти, миллатьи шаънини ерга уриб, сабаб-бесабаб уюштирилган матбуот анжуманларида ёлғон-бўҳтон гаплар билан обрў топиб бўлмас экан. Рост-да, ўзини миллатпарвар ҳисоблаган қандай одам ўзга элларда ўз миллатини ерга уради? Қайси юртпарвар ўз юртидан олисда туриб Ватани учун риёзат чекиши мумкин? Хорижда юриб, иғвони дастуруламал қилиб олган қандайдир ташкилотлар таъсирида киндик қони тўкилган маскан хусусида қуруқ сафсата сотиш билан юрт тараққиётига ҳисса қўшиб бўларканми?!

Чўкаётган одам хасга ёпишганидек, йўл қўйган хатоларимизни англаб, булғанган номимизни оқлаш мақсадида ким “ёрдам қўлини чўзаман”, деса гапларига лаққа тушаверибмиз. Натижада хато устига хато келиб чиқаверди. Энг катта хатоимиз “Акромийлар” оқими таъсирига тушиб, турли бузғунчилик ҳаракатларида иштирок этганимизда эди!.. Бунинг оқибатида 2005 йилнинг 13 май санасида машъум жиноятларга билиб-билмай аралашиб қолишимизга олиб келди. Бунинг азобини мана етти йилдирки нафақат ўзимиз, балки оила аъзоларимиз, ўша фожеада ўлиб кетган фуқароларнинг бола-чақаси, яқинлари ҳанузгача тортиб келмоқда. Бу азоблар, изтироблар, виждон қийноқлари айтишга осон, ёзишга осон...

Аста-секин кўзимиз очилиб, этагимизни йиғиштириш ҳаракатига тушганимизда бизни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати деган яна бир бузғунчи ташкилотга аъзо бўлишимизни таклиф этдилар. Мазкур Ҳаракат валломатларининг қоп-қоп ваъда, сафсаталарига лаққа тушишимиз оқибатида унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг малайига айландик. Бу - навбатдаги катта хатоимиз бўлди. У буюрган шайтоний амаллар, топшириқларни кўр-кўрона бажаришимиз натижасида баттар ботқоққа ботдикки, айни пайтда ичимиздан ўтаётгани ўзимизгагина аён. Эҳ, мунчалар гумроҳ бўлмасак: ишлаб топган маблағларимизни бола-чақа, ота-она, қон-қариндошларга эмас, иғвочи журналистларни тўйдиришга, маккор Салай Мадаминнинг оиласи яхши яшашига сарфладик. Муҳожирлик мазасига мазахўрак бўлиб қолган бу одам эса бизни турли ташкилотлар қўлида қуролга, қўғирчоққа айланишимизга “баракали ҳисса” ҳисса қўшди, холос.

Усти йилтироқ, ичи қалтироқ бўлган, 53-54 лақаби берилган Муҳаммад Солиҳнинг “ғоявий раҳбарлиги” остида нималар қилмадик: турли давлатлар журналистларига бўҳтон воқеликларни баён қилдик, улар хоҳлаган мавзу ва мазмунда интервьюлар бердик... Биз кутган “ёрдамдан” дарак бўлавермагач, Муҳаммад Солиҳ ва бизнинг биродарлар ўртасида туғилган тушунмовчилик бора-бора келишмовчиликка айланди. Натижада субутсиз ва иккиюзламачи “53-54”дан хафсаласи пир бўлган биродарларимиз ЎХҲдан чиқиб кетдилар...

Эндиликда ўзининг шарманда бўлишидан чўчиган ЎХҲ раҳбари Муҳаммад Солиҳ нима қилиб бўлса ҳам очилиб қолаётган кетини ёпиш ҳаракатига тушди. Яъни ўзининг маслакдошига айланган “Озодлик” радиоси ва Галина, Умида деган урғочи-хабаркашлар воситасида гўёки бизнинг биродарлар ЎХҲ билан бирга экани, мақсади ва вазифалари битта эканида лоф урмоқдалар. Энг ёмони, бизнинг биродарлар номидан ҳаракат қилиб, бизни шантаж қилишгача бормоқдалар.

Биз каби хорижда дайдиб (афсуски, шундай!) юрган кам сонли ўзбекларни бошини қовуштириб, раҳбарлик қилишни уддалай олмайдиган “53-54”нинг ҳали-ҳамон “лидерлик” даъвосида юргани ақлга сиғмайди. Хотин устига хотин олиб, фарзандларни туғдириб, уларга тузукроқ оталик қилаолмаган одамнинг Катта Раҳбар бўлиш йўлидаги уриниши туянинг ҳаммомни орзу қилишига ўхшайди. “Лидер”нинг аҳволи шу бўлгач, унга эргашганларнинг ҳоли не кечиши маълум...

Биз буни энди-энди ангдаб етдик, етмоқдамиз. Афсус, афсус...

“Ҳаракат” таҳририятидан: Бу аноним хатнинг асл муаллифи эканлигини фақат тахмин қилиш мумкин, тўғрисини айтса, анчагина катта эҳтимоллик билан тахмин қилиш мумкин. Акромийлардан ташқари, ЎХҲга аҳмоқлик қилиб кириб қолган ва унинг лидерлигига даъво қилаётган Салой Мадаминни ҳар доим “53-54” лақаби билан тилга оладигган одам - собиқ “Бирлик” фаоли Исмоил Дадажон эди. Бу хатнинг муаллифи ҳам у бўлса керак.