25 May 2012
19:20 - Давлат Департементи анъанавий йиллик “Давлатлар бўйича Инсон Ҳуқуқларининг амалиёти” номли ҳисоботини эълон қилди, унда камчиликлар ҳам йўқ эмас
АҚШ Давлат Депараментининг Демократия, Инсон Ҳуқуқлари ва Меҳнат бюроси томонидан тайёрланган 2011 йил бўйича ҳисоботи Давлат Департементининг расмий сайтида кеча эълон қилинган.

Ҳар доимгидек, Ўзбекистонни авторитар давлат деб баҳолашдан бошланадиган бу ҳисоботнинг айниқса бизнинг сайт ўқувчилари учун янгилик жойи йўқ. Чунки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари оммавий равишда топталиши, автортар деб айтилаётган Ўзбекистон режимининг диктатура жиҳатлари кўп эканлигини кўрсатувчи фактлардан иборат хабарлар бизда мунтазам равишда эълон қилиниб келади.

Авторитар ва диктатор давлатлар бундай ҳисоботларга ҳеч қачон эътибор бермасликлари маълум. Хитой ва Россия каби давлатлар АҚШга ўчакишиб, АҚШнинг ўзида инсон ҳуқуқлари бузилишини кўрсатувчи ҳисоботлар эълон қилиш йўлига ўтиб олишган.

20 асрнинг сўнги ва 21 асрнинг бошлари кўрсатмоқдаки, ҳуқуқ ҳимоячилари кўпроқ сиёсий ҳуқуқлар масаласига эътибор беришлари керак. Айнан сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш воситасида демократик мухолифатнинг оёққа туриши ва демократиянинг ривожланиб, мустаҳкамланишига ёрдам бериш мумкин. Демократия ривожланган сари инсон ҳуқуларини бузиш ҳоллари ўз-ўзидан йўқолиб боради. Ҳозирги босқичда бошқа масалалар билан шуғулланиш керак эмас демоқчимасмиз, улар билан ҳам шуғулланиш керак, аммо, урғу сиёсий ҳуқуқлар масаласига берилиши шарт

Аммо, минг афсуски, обрўли халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар бу ҳақиқатни тушумаяптилар, яна бир минг афсуки, Давлат Департаментининг ҳисоботи ҳам айнан ўша ташкилотларнинг тушунчалари доирасида тузилган.

Бу принципиал хатодан ташқари, катта ҳужжжатларда баъзи жузъий хатоликлар бўлиши ҳам муқаррар. Бу ҳисобот ҳам улардан ҳоли эмас.

Ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати фақатгина иккита ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотни, улардан бири – “Эзгулик” жамияти, рўйхатга олиб, бошқаларни олмаётгани айтилади. Аслида, ундай эмас, бошқа ташкилотлар “рўйхатдан ўтсак, ҳукумат молиявий ишларимизни назорат остига олади” деб, рўйхатдан ўтиш учун керакли ҳаракатларни қилмаяптилар. Уларнинг баъзилари бир мартагина Адлия вазирлигига ариза бериб, кейинги қадамларни қилишмаган бўлса, баъзилар ҳеч қачон ариза ҳам беришмаган.

Ҳисоботда ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳукуматнинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан рўйхатга ўтишга муваффақ бўлган “Эзгулик” жамиятидан ўрганишга чақириш ҳам, шубҳасиз, фойдали бўлар эди.

Бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларининг қилаётган иши – ҳуқуқ ҳимоячилигининг ғояларига нисбатан принципиал масалада хоинликдир.