20 May 2012
06:28 - G8 саммити Юнонистон муаммоларини ечишга бағишланди, энди НАТО саммити Афғонистон билан шуғулланади
Дунёнинг энг ривожланган 8 мамлакати - Франция, Германия, Италия, Япония, Буюкбритания, АҚШ, Канада ва Россия давлатлари раҳбарларининг G8 номли саммити кеча АҚШ президентларининг Вашингтон шаҳри яқинидаги Кэмп Давид қароргоҳида бир кунлик ишини тамомлади. Тўғри, расман G8 саммити ўтган куни бошланган, аммо ўша куни фақат тантанали кечки овқатланиш маросими бор эди.

Россиянинг Президенти саммитга ўзи келмасдан янги Бош вазир, эски Президент Дмитрий Медведевни Кэмп Давидга юбориши бу саммитининг кун тартибини ҳам ўзгартирди. Медведев тамошабин бўлиб ўтирар экан, қолган 7 лидер Юнонистонни иқтисодий-молиявий кризисдан олиб чиқиш йўлларини муҳокама қилдилар. Умумий қарор – Юнонистонга ёрдам бериш, уни еврозонада сақлаб қолиш йўналишида бўлди.

Аслида, сўлчи ва ҳатто коммунистларнинг таъсир кучи кўп бўлган Юнонистон еврозонага кирувчи ўлкаларнинг елкасидаги ортиқча юк бўлмоқда. Шуни билган ҳолда Юнанистонга ёрдам беришга тайёр бўлган Ғарбга “Офарин!” дейиш керак.

Эртага G8 саммити қатнашчиларининг кўпчилиги ҳам қатнашадиган НАТОнинг саммити Чикагода бошланади. Бу ташкилотнинг Бош Котиби Андерс Фог Рамсуссеннинг айтишича, бу йиғилиш НАТОнинг тарихидаги экан катта анжуман бўлади.

Бу анжуманнинг кун тартибидаги асосий масала Афғонистон муаммоси бўлгани сабабли, унга Марказий Осиё давлатларининг раҳбарлари ҳам таклиф қилинган эди. Аммо, Россиянинг ва Марказий Осиё давлатлари президентларининг хўжайини Владимир Путин Чикагога ўзи боришни истамагани етмагандек, Марказий Осиёдаги вассалларни ҳам шундай қадам қилишга мажбур қилгани яхши бўлмади.

Бунининг натижасида энг кўп зарар кўрадиганлар - Россия ва Марказий Осиё давлатларининг ўзи бўлади.