19 May 2012
08:07 -
“Бирлик”чи рассом Азиза Маматовани мусаввир қилишибди

Ўқувчиларимиз шуни билишларни истардимки, мустақиллик учун кураш йилларида Азиза Маматова “Бирлик”нинг фаол аъзоси бўлган, унинг митингларида қатнашган, дейди Абдураҳим Пўлат. Айнан Азизанинг ташаббуси билан биз биргаликда Ўзбекистон Рассомлар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси Баҳодир Жалоловнинг олдига борганмиз ва уни расман “Бирлик”га киришга ундаганмиз. Баҳодир ака рози бўлган, “Бирлик” халқ ҳаракатининг Таъсис Қурултойида ташкилотининг Марказий Кенгаши ва Ҳайъати аъзолигига сайланган. Янглишмасам, Азизанинг ўзи ҳам МК аъзоси бўлган.
Ҳозир 53-54 лақаби билан танилган миллат хоини Салой Мадамин бошчилигидаги ёзувчилар “Митинг қилиш – кўча чангитишдир” дея “Бирлик”ни Ислом Каримга сотишгандан кейин, Баҳодир Жалолов ва Азиза Маматова кабилар хоинларни қоралашган, лекин, минг афсуски, сиёсий майдонни ҳам ташлаб кетишган.
Нима бўлганда ҳам, Ўзбек миллати мамлакатимзнинг мустақиллиги ва топталган Ўзбек тилининг қадр-қийматини тиклаш учун курашнинг биринчи сафларида шундай ижодкорлар турганини ҳеч қачон эсдан чиқармайди.
Вақти келиб қолгани учун тилимизнинг аҳволига яна бир назар ташлайлик. ЎзАнинг хабарида Азиза Маматова мусаввир деб танитилган. “Мусаввир” ҳам арабча сўз бўлиб, арабча “рассом” билан синонимдир. “Бирлик” ўзбек тилини давлат тили қилиш учун курашган йилларда “мусаввир” сўзи расмий луғатларда ҳам йўқ эди. Энди уни нимага тиқиштиришмоқда?
Ҳа, Ўзбек тилининг қадр-қийматини тиклаш учун кураш ҳали битмади.