15 May 2012
03:23 - Тошкентда собиқ вазир ўлдириб кетилган, МХХнинг қўли бор
“Озодлик” радиоси марҳумнинг қариндошларига таяниб билдиришича, Тошкентда Республика “Ўзбекмузей” жамғармаси раиси Анвар Жабборов шу йилнинг 8 май куни номаълум шахслар томонидан хизмат хонасидан олиб чиқиб кетилган ва унинг чавақланган жасади шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласидан топилган. У кеча, 13 майда тупроққа берилибди.

Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборовнинг тўнғич фарзанди бўлган бу шахс 56 ёшда эди. 2009 йилнинг 16 мартидан 2011 йилнинг 17 январигача Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири бўлиб ишлаган, дейди мухбиримиз. Унинг хизмат фаолияти ҳақида “Ҳаракат” агентлиги ўз вақтида хабарлар берган.

Маълумки, Анвар ака вазир сифатида “Шарқ тароналари” фестивалининг Бош директори лавозимини ҳам эгалларди. Ўша йиллари бу фестиваль ва вазирлик ўтказадиган турли анжуманлар, хусусан, Ислом Карим шахсан иштирок этадиган ва ўйинларга тушадиган байрам тантаналари атрофида жудда катта пулли ишлар бўлган, бу ишларга МХХнинг ҳам тўғридан-тўғри алоқаси бор дейди, “Ҳаракат”нинг мухбирига, махсус хизматларнинг фаолиятидан яхшигина хабардор бўлган манба. Шубҳа йўқки, МХХ ўша ишларнинг илдизларини йўқ қилиш билан шуғулланмоқда ва доим шуғулланиб боришга маҳкум. Чунки, ўша ишлар ҳали ҳам давом этмоқда ва бу режим бор экан давом этаверади. Анвар Жабборовнинг тақдири шундай бўлишини кутиш керак эди. Бошқалар эҳтиётини қилсин.