02 May 2012
20:28 - Хабарчиликда ислом-каримча ислоҳoт - навбатдаги масхарабозлик
Ўзбекистон Президенти Ислом Карим Олий Мажлис палаталарининг 2010 йил 12 ноябрдаги мажлисида “Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш кoнцeпцияси” номли нутқ сўзлаб, хабарчиликда ҳам ислоҳотлар ўтказилиши ҳақида оламшумул ваъдалар берганига 1,5 йил бўлди. Аммо, ҳеч бир соҳада, хабарчиликда ҳам, ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.

Давлатнинг расмий оммавий ахборот воситаси бўлган ЎзА асосан спорт ва турли кўрик-танловлар ҳақида кунига 15 тача хабар тарқатиш билан шуғулланишни давом эттирмоқда. Ваҳоланки, дунёнинг хабар агентликлари бир кунда даҳондаги янгиликларни дақиқама-дақиқа ёритиб борувчи юзлаб хабар тарқатишади. Масалан, қозоқларнинг Казинформ агентлиги кунига 300 атрофида янгилик беради.

Тўғри, тан олиш керак, сўнгги ойларда ЎзАда биттагина ўзгариш бўлди. Кунига бир ёки икки марта ҳориждан хабарлар бериш бошланди. Маслан бугун ҳар бири 4-5 сатрдан иборат бўлган 3 хабар бор: Италияда ишсизлик даражаси 9,6 фоиздан ортибди, ҳавода заҳарли газларнинг ортиши туфайли сўнгги 30 йилда Европада қушларнинг 100 тури йўқ бўлиб кетибди, АҚШнинг Миссури ва Иллинойс штатларида кучли шамол туфайли ўнга яқин киши ҳаётдан кўз юмибди.

Табиий, АҚШ Президенти Барак Обаманинг биз учун жуда муҳим бўлган Афғонистон сафари ҳақида оғиз ҳам очилмайди.

ЎзА бир тийинга қиммат бўлган харижий хабарларининг кўпчилигини қандайдир RATA-TASS га асосланиб беради. Интернетда қидирувга берсангиз, Ratatass сўзи билан боғлиқ бир нарсалар чиқади, амм RATA-TASS деган нарса умуман йўқ.

Хуллас, Ўзбекистонда хабарчилик соҳасида масхарабозлик ҳукм суришни давом этмоқда.