30 April 2012
12:48 - Миср-Исроил: Мажбурий дўстлик битти, янги урушлар даври келмоқдами?
1979 йили Кемп-Давиддаги келишув асосида имзоланган Миср-Исроил шартномаси узоқ йиллар бу икки мамлакат орасидаги муносабатларни сал кам дўстликка айлантирган эди. Маълумки, ўша Шартнома АҚШ Президенти Жимми Картер воситачилигида Миср Президенти Анвар Садат ва Исроил Бош вазири Менаахем Бегин тарафидан имзоланган. Анвар Садат айнан шу имзоси ва Исроил билан алоқаларни юмшатгани сабабли ислом экстремистлари тарафидан ўлимга маҳкум қилинган ва 1981 йили суиқасд натижасида ўлдирилганди. Аммо, президентлик курсисига ўтирган Ҳусни Муборак унинг сиёсатини давом эттирди.

Ўтган йили Ҳусни Муборакнинг йиқтилиши ва парламент сайловларида исломчиларнинг ғолиб чиқиши натижасида Миср-Исроил алоқаларнинг жиддий ўлчовда бузилишини кутиш керак эди, айнан шундай бўлмоқда.

Инглизларнинг Таймс газетаси Исроил ҳарбийларига асосланиб хабар беришича, бу мамлакат Миср билан чегаралари яқинига 30 минглик қўшин жойлаштиришга, у ҳудудларга юзлаб танклар юборишга қарор қилибди.

Ўтган ҳафта Миср узоқ йиллардан бери биринчи марта Исроил билан чегараларга яқин ҳудудларда ҳарбий тадқиқотлар ўтказган, Миср Ҳарбий Кенгашининг раҳбари Ҳусайин тантави Исроилни назарда тутиб, “Бизга қарши ҳужум қилишга ҳаракат қилганларнинг қўлларини синдирамиз” дейишгача борган эди.

Хуллас, бу минтақадаги тинчлик битди, балки, янги урушлар даври келмоқда.

Расмда - Менаахем Бегин, Жимми Картер ва Анвар Садат Кемп-Давидда.