09 April 2012
22:52 - Ўзбекистон бахтиёрлик даражаси бўйича 79-чи ўринда
Гэллап тадқиқот марказининг ҳар йили ўтказиладиган сўров натижаларига асосланиб тарқатилган хабарга кўра, дунёнинг 58 мамлакати ичида Ўзбекистон бахтиёрлик даражаси бўйича 13 ўринни олганини шу йилнинг 3 февралида сайтимизда эълон қилган ва Ислом Карим раҳнамолигида мамлакатимиз баҳтиёрлик масаласида 13 ўринга тушиб қолишига чидаб бўладими, деб савол ҳам қўйгандик.

Ҳозир маълум бўлишича, АҚШнинг машҳур Колумбия Университети БМТнинг закази бўйича 156 мамлакат ичида бахтиёрлик рейтингини ўлчабди.

Биринчи ўринда Дания, иккинчи ва учинчида Швеция ҳамда Канада экан. Биринчи ўнталикнинг кейинги ўринларида қуйидагилар бор - Австралия, Венесуэла, Финляндия, Исроил, Янги Зеландия, Голландия, Ирландия. АҚШ 12 ўринда “қолибди”.

Бу рўйхатда диктатор Чавес ҳукмдорлигида яшаётган Венесуэла 5-чи ўринда бўлиб, АҚШ 12-чида қолганидан ҳам тушуниш мумкинки, Колумбия Университети чиқарган рейтингларга ортиқча ишонч йўқ.

Дарвоқе, Туркманистон – 56, Қозоғистон – 59, Белорусия - 62, Россия – 76, Ўзбекистон - 79, Украина – 91, Тожикистон – 115, Озорбайжон – 116, Арманистон – 122, Гуржистон 146-чи ўринда эканлиги ҳам анчагина ножиддий кўринади.