04 April 2012
03:51 - Қирғизлар Манас базаси масаласида чекинишга бошлашди, НАТО чекинмоқчи эмас
АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк аввалдан эълон қилинган ташриф билан кеча Бишкекда бўлди, хусусан, Президент Алмазбек Атамбай билан учрашди. Табиий, ҳаммани бу учрашувда АҚШ ҳарбийларининг хизматида бўлган Манас Транзит Марказининг келажаги ҳақида нима гаплар бўлиши қизиқтирарди.

Қирғиз ахборот воситаларининг билдиришича, русларга ёқиш учун бу Марказнинг 2014 йилда бекилишини доимо гапириб келган Президент Алмазбек Атамбай биринчи марта орқага чекинган ва 2014 йилдан кейин бу Марказ ҳарбий эмас, фуқаровий юкларни ташиш билан шуғулланиши кераклигини айтган. Тахмин қилиш қийин эмаски, 2014 йилгача Қирғизистон бу масалада бутунлай орқага чекинади ва Манас Транзит Маркази ўз функциясини ўзгартирмайди. У пайтгача қирғизларнинг президенти ўзгаришининг эҳтимоллиги каттароқдир.

Дарвоқе, НАТО Афғонистон масаласида орқага чекинмоқчи эмас. Кеча Брюсселда йиллик матбуот-конференцияси ўтказган НАТО Бош Котиби Андерс Фог Расмуссен 2013 йил давомид Афғонистон вилоятларида хавфсизлик бўйича бутун маъсулият афғонларга берилишини айтар экан, у ердан НАТО қуролли кучларини олиб чиқиб кетиш тезлаштирилмаслигини урғулаган.

Маълумки, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 2014 йилда бошланишини АҚШ Президенти Барак Обама ҳам қайта-қайта гапиради. Бошланиш бўлади, бунга шубҳа йўқ, дейди мухбиримиз, аммо тезда битмаслиги ҳам шубҳасиз. Афғонистонда террор илдизлари йўқ қилинмагунча, Ғарбнинг кучлари у ердан кетмайдилар.