19 March 2012
05:52 - Хайрия ҳашарига 8 млн одам чиққанига ишонасизми?
Совет замонидан қолган субботник анъанасини “хайрия ҳашари” номи остида давом эттираётган Ўзбекистон режими шанба куни 8 млн киши кўча-майдонларни ободонлаштириш ва тозалашга чиққани ҳақида рапорт берди.

Юз минглаб одамлар қамчин остида бу ҳашарга олиб чиқилганига ишониш мумкин, аммо миллионларга фақат аҳмоқлар ишонади.

Қўлидан иш келадиган ёшдаги ўзбекларнинг миллиондан ортиғи Россия ва Қозоғистонда мардикорчилик қилаётганини ҳисобга олсак ва 8 млн ҳашарчи ҳақидаги расмий хабарлардаги рақамларга ишонсак, 29 миллион аҳолининг мустақил бир нарса қилоладиган қисми тўлалигича кўча-майдонларга чиққан бўлади. Аммо, дўппини ерга қўйиб, ўйлаб кўрган одам тушунадики, ўлим билан қўрқитиб ҳам шунча одамни субботникка олиб чиқиб бўлмайди.

Маълумки, ҳашар якшанба куни ҳам бўлди. Бизнинг ҳақ эмаслигимизни исботлаш учун иккинчи кун ҳашарга аввалгисидан ҳам кўп одам чиққанини эълон қилишса ажаб эмас.

Шунақа масхарабозликлар билан шуғулланаётган мамлакатнинг келажаги қандай бўлади? Жавоб аниқ – унинг келажаги йўқ. Ўзбекларни бу режимдан қутқарибгина, келажак режалари устида ўйлаш мумкин.

Режимнинг қўғирчоқ сайтларидан биридан олинган расмга кўра, ростдан ҳам кўчалар ҳашарчилар билан "тўла".