16 March 2012
11:43 - АҚШда яна бир ўзбек терроризмга алоқаси борликда айбланиб, ҳибсга олинди
Жиззахлик собиқ ҳуқуқ ҳимоячиси Жамшид Мухторов (расмда) терроризмга алоқаси борликда айбланиб, шу йил 23 январда Чикаго шаҳрида қўлга олингани ҳақида аввал хабар тарқатилганди. У 2007 йилдан бери қочқин сифатида Колорадо штатида яшар экан.

Кеча Колорадо штатининг маркази Денвер шаҳридан юритиладиган Интернет нашрларининг билдиришича, Жамшид Мухторовнинг иши бўйича, у билан биргаликда ўзбек террорист гуруҳларига ва Афғонистонда НАТО қўшинларига қарши курашаётган Исломий Жиҳод Иттифоқига ёрдам бериш билан шуғулланган 45 ёшли Баxтиёр Жумаев исмли ўзбекистонлик Филаделфия штатида қўлга олинган.

Узундан-узоқ хабарларда бу икки йигитнинг ростдан ҳам террорга алоқаси борлигини кўрсатувчи биронта далил келтирилмайди. Афтидан, бу икки ўзбек ростдан ҳам террористларга хайрихоҳ бўлишган, улар билан алоқа йўлларини қидириш ва уларга қўшилиш ҳаракатида бўлишган, холос. Ўз аравасини зўрға судраб юрган бу икки йигитни Афғонистондаги террористларга моливий ёрдам беришда айблаш учун катта фантазияга эга бўлиш керак.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили АҚШ президенти Барак Обамани ўлдириш ниятида юрган бошқа бир ўзбек ҳам терроризмда айбланиб, ушланган эди.

Андижон воқеаларидан кейин АҚШга қочиб келган акромийлар ичида Ўзбекистон МХХсининг агентлари етарлича эканлиги ҳисобга олинса, уч ўзбекнинг террорга алоқаси борлик айби билан қўлга олиниши - АҚШ ва Ўзбекистон махсус хизматларининг биргаликда олиб бораётган операциясининг натижаси эканлигини тахмин қилиш қийин бўлмайди.

Жамшид Мухторовнинг фотосурати denver.cbslocal.com сайтидан олинган.