22 February 2012
14:28 - Ўзбекни Ўзбек бўлгани учун ёқдилар, Ўзбек бўлгани учун ўлдирдилар, уларга қалқон бўлолмаган, бефарқ қолган Ўзбек миллати кечирим сўраши керак

Аввал Ўзбекнинг шоири Юсуф Жуманинг қуйидаги сатрларини ўқинг.

 

Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг


Турон қалбнинг қора хунга ғарқ жойлари,
Қон кўзларим қон қайнаган Ўш сойлари.
Ботиб кетган ўзбегимнинг кун, ойлари,
Қотил боши Кремль, Оқ саройлари.
Кечир шаҳид жондош, қондош хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Қора кунда сенга қалқон бўлолмадим,
Майдонларда шер, арслон бўлолмадим
Мулки номус мулки инсон бўлолмадим
Култегиндек ёвга қирон бўлолмадим
Кечир оғам, синглим, болам, хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Аму Сирнинг орасида кўрлар қолди,
Аёлини эплолмаган эрлар қолди,
Кўнгиллари маразлару кирлар қолди,
Юрагимда сизга теккан тиғлар қолди,
Кечир шўрлик ёндирилган хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Туғилмайин сўйдирилган гўдакларим,
Бешик кўрмай гўрга кирган малакларим
Тилка-тилка бўлган бағр юракларим
На оламга, на фалакка керакларим
Кечир боши кестирилган хешим менинг.
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Дунё сени қадаҳ қилиб қонлар ичар,
Бир бошимда ҳар лаҳза минг мотам кечар,
Қайда бало бўлса Турон юртга кўчар,
Яқин борсанг ҳолинг кўриб махшар қочар
Кечир барча ўққа нишон хешим менинг.
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Ўчоғимда кул бўлганлар қўрман деди,
Ялоғимдан кун кўрганлар эрман деди.
Бор қутурган аҳли қанжиқ шерман деди.
Бори ўзбек қаёқдасан зўрман деди.
Кечир бахти қора элим, хешим менинг.
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Қалам билан ашкдан бўлак қуролим йўқ,

Заволим бор афсус бугун камолим йўқ.
Ғанимларим иқболи бор, иқболим йўқ.
Туркистоним -- қуёшим йўқ, ҳилолим йўқ
Кечир музтар, налондирман хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Етимларим Гўрўғлидек унадилар,
Қасос учун Ғиротларин минадилар,
Ғанимларим ўтин каби синадилар
Липпиллаган пилиглари сўнадилар,
Кечиринглар, етимларим хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Тангрим, буюк Темуримни қайта бергин
Адолатли амиримни қайта бергин
Дастларига шамширини қайта бергин,
Талон бўлган турк ерини қайта бергин,
Кечир қасос муқаррардир хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Аму Сирнинг орасини пирхона қил,
Ғархонадир, аввалгидек эрхона қил,
Хархонадир, йўлбарсхона, шер хона қил,
Туркистонни тикла, Тангрим, ягона қил,
Кечир шоир Юсуфингни хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Ҳамма ўзбеклар бу шеърни ўқиб йиғлайди, дейиш қийин. Нима қилибди, одамзотнинг тарихи одам ўлдиришдан иборат, турли урушларда минглаб, ўн минглаб, юз минглаб, ҳатто миллионлаб одам ўлдирилган, одамлар одамни ўғрилик, шахсий келишмовчилик ва бошқа турли-туман сабаблар билан, минг афсуски, ҳозир ҳам ҳар куни ўлдиради, дейдиганлар кўпчлик эканини ҳам тахмин қилиш мумкин.

Аммо, қирғиз фашистлари ўзбекларни Ўзбек бўлгани учун тириклайин ёқдилар, ўзбек аёлларини Ўзбек бўлгани учун зўрладилар, ҳали туғилмаган ўзбекларни Ўзбек бўлгани учун чавақладилар, ўзбекни Ўзбек бўлгани учун қирғин қилдилар.

Бу ўзбекларнинг ҳеч қандай айби йўқ эди.

Бироз янглишдик, уларнинг бир айби бор эди. Бу ҳам бўлса, Ўзбек эканликлари. Ҳа, улар худдди сиз билан биз каби Ўзбек бўлганлари.

Бир оғиз сўз билан айтсак, уларнинг бирдан-бир айби - Ўзбек бўлиб туғилганлари, ўзларини Ўзбек миллатига мансуб деб ҳисоблаганлари.

Демак, айб ҳамма Ўзбекларда, айб ҳаммамизда.

Уларни ҳимоя қилолмаганимиз, уларга қалқон бўлолмаганимиз миллат сифатидаги, Ўзбек сифатидаги айбимиздир. Миллат бўлиб қолмоқчи бўлсак, Ўзбек бўлиб қолмоқчи бўлсак, ювиб бўлмас айбимизни ҳеч бўлмаса ювишга ҳаракат қилишимиз керак.

Авваламбор, кечирим сўрашимиз керак.

Ҳа, Юсуф Жума Ўзбек сифатида биринчи бўлиб, биринчи бурчини бажарди:

Кечир шоир Юсуфингни хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

деб ёзди. Аслида, Ўзбек миллатининг ўзи ҳам кечирим сўраши ва яна Юсуф Жумадан ўрнак олиб, Ўзбекнинг душманларини огоҳлантириши керак:

Кечир қасос муқаррардир хешим менинг,
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Акс ҳолда, миллат бўлолмаймиз, Ўзбек деб аталишга ҳаққимиз йўқ.